Айрим ҳудудларда пахта терувчиларга қўшимча ҳақ тўланади

Ҳукумат қарори билан пахта-тўқимачилик кластерларига пахтани териб олиш учун 1,6 трлн сўмгача ресурслар ажратилади. Машинада пахта йиғиб олиш хизмати харажатларининг 30 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, айрим ҳудудларда пахта терувчиларга амалдаги ставкага қўшимча равишда ҳар бир кг пахта учун 230 сўм устама ҳақ тўланади.

Тошкентда 16,5 гектар ерни 600 минг долларга сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди

Тошкент вилоятида жойлашган фермер хўжалигининг 16,5 гектар суғориладиган ерини ўзганинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 600 минг доллар талаб қилган шахслар ушланди. Шунингдек, Қашқадарё вилоятида жойлашган ўрмон хўжалиги ҳудудидан 1000 гектар ер майдони ажратилишида ёрдам бериш эвазига 300 минг доллар талаб қилган шахслар ҳам қўлга олинди.

2022 йилдан барча мактабларда инглиз тили ва IT бўйича хорижий дарсликлар ижара асосида берилади

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Наманган ва Сирдарё вилоятларининг 208 та мактабига 385 минг дона дарслик ва ўқитувчилар учун қўлланмаларни тақдим этди. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг сўзларига кўра, 2022 йилдан Cambridge University Press томонидан чоп этилган ушбу дарсликлар Ўзбекистоннинг барча мактабларида ижара асосида берила бошланади.

Пенсия ҳақидаги маълумотни Telegram-бот орқали билиш мумкин

Молия вазирлиги пенсия тўлови ҳамда нафақа тайинлаш учун зарур ҳужжатлар ҳақида маълумот олиш мумкин бўлган @pensiyauzbot Telegram-ботини ишлаб чиқди. У орқали пенсия жамғармасига мурожаат йўллаш имконияти ҳам мавжуд.

Марғилон шаҳар халқ таълими бўлими собиқ бошлиғи 1,7 млрд сўмни ўзлаштирганликда айбланмоқда

Марғилон шаҳар халқ таълими бўлими собиқ бошлиғи қурилиш даврида 1,7 млрд сўм миқдордаги маблағларни талон-торож қилганликда гумонланиб, қўлга олинди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Япония ҳукумати Содиқ Сафоевни олий орден билан тақдирлади

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Япония ҳукумати томонидан «Кўтарилаётган қуёш ордени катта тасмаси» билан тақдирланди. Бундай даражадаги мукофот Ўзбекистонда илк бор берилмоқда.

Тошкент шаҳрида янги газ ҳисоблагичларини ўрнатиш 2023 йилгача якунланади

Тошкент шаҳрида якка тартибдаги истеъмолчилар учун «ақлли» газ ҳисоблагичларини ўрнатиш 2022 йил охиригача якунланиши режалаштирилган. Авварроқ буни 2021 йил охиригача амалга ошириш кўзланган эди.

Алишер Усмоновнинг фонди Ўзбекистон маданий меросини сақлаб қолиш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватлади

Россиялик бизнесмен ва меценат Алишер Усмоновнинг «Санъат, фан ва спорт» хайрия жамғармаси Ўзбекистон маданий меросини сақлаб қолиш, шу жумладан, Тошкентда модернизм меъморчилигини қайта тиклаш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда. Ўтган асрнинг 60−80 йилларида пойтахтда қурилган биноларга ташқи жозибадорлик тақдим этиб, функционал жиҳатдан такомиллаштирилади.

Айрим инвесторларга мол-мулк ва ер солиқларини 6 ойгача кечиктириб тўлашга рухсат берилди

Президент қарори билан 1000 квадрат метрдан ортиқ бўлган ер участкалари, бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини қўлга киритган маҳаллий ва хорижий инвесторларга мол-мулк ва ер солиқларини тўлашни 6 ойга кечиктириш ҳуқуқи берилиши мумкин. Давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар ва солиқ қонунчилигини бузиш хавфи юқори бўлган тадбиркорлар бундан мустасно.

Энди ўзбекистонликлар Россияда ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириши мумкин

Ҳукумат қарорига мувофиқ, Россия ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун консуллик муассасаларига мурожаат қилиши мумкин.

Давлат илк бор аҳолидан электр энергия сотиб олди

Тошкентлик фуқаро ўз уйида қуёш фото электр станциясини ўрнатиб, унда ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиш бўйича ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан шартнома имзолади.

Хўжа Порсо масжиди иши бўйича мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Хўжа Порсо жоме масжидининг тарихий биноси бузилганлиги ҳолати юзасидан Фарғона вилояти маданий мерос бошқармаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Келгуси уч йилда иқтисодиётни ривожлантиришнинг икки сценарийси эълон қилинди

Марказий банк келгуси уч йилда Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг асосий ва муқобал сценарийларини тақдим этди. Уларни аниқлашда МД илк бор иқлим ўзгаришларини ҳисобга олди. Регулятор келгуси йилларда инфляциянинг узоқ муддатли омилларини бартараф этиш зарурлигини, бунинг учун истеъмол бозорида рақобатни ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва бошқалар талаб қилинишини қайд этди.

Мактабгача таълим ёшдаги ва 1-синф ўқувчилари гриппга қарши бепул эмланади

Ўзбекистонда барча мактабгача таълим ёшдаги ва 1-синф ўқувчиларини гриппга қарши бепул марказлашган ҳолда эмлаш режалаштирилмоқда.

200 га яқин киши Тошкентдан Истанбулга уча олмади: Uzbekistan Airports изоҳ берди

Тошкент аэропортида 200 га яқин киши Истанбулга уча олмади. Маълум бўлишича, сайёҳлик компанияси келишмаган ҳолда рейс учун чипталар сотган. Транспорт вазирлиги захирадан самолёт ажратди, дея хабар қилди Uzbekistan Airports.

«Ўзкомназорат» Telegram, YouTube, Instagram, Facebook, Odnoklassniki`нинг Ўзбекистондаги фаолиятини чеклади

Ўзбекистонда шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузувчилар реестрига TikTok, Twitter, ВКонтакте va Skype`дан ташқари Telegram, Facebook, Odnoklassniki, YouTube va бошқалар киради. Ўзбекистонда ушбу ижтимоий тармоқларнинг фаолияти чекланган.

«Ўзкомназорат» қилган ҳаракати ҳақида президент хабар топди — Шерзод Асадов

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов «„Ўзкомназорат“ томонидан бир ёқлама, узоқни ўйламай қилган ҳаракати ҳақида президент хабар топгани» ҳақида хабар берди.

«Ўзкомназорат» раҳбари ишдан четлатилди

«Ўзкомназорат» бошлиғи Ғолибшер Зияев «нотўғри ва келишилмаган ҳатти-ҳаракатлари учун» эгаллаб турган вазифасидан четлатилди. Рўй берган ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилиши айтилди.