Тошкентликлар чангли туман туфайли шифохоналарга мурожаат қилмоқда

Тошкентдаги чангли туман туфайли нафас олиш муаммоси билан камида уч киши Республика аллергия маркази ва 1-шаҳар касалхонасига мурожаат қилди. Аллергия ва нафас олиш муаммолари бўлган одамларга уйда қолиш, деразаларни ёпиш ва хоналарни намлантириш тавсия этилади.

Шавкат Мирзиёев инаугурацияси 6 ноябрь куни бўлиши кутилмоқда

ЎзЛиДеП партиясидан Ўзбекистон президенти этиб қайта сайланган Шавкат Мирзиёев инаугурацияси 6 ноябрь куни Сенатнинг янги биносида бўлиши кутилмоқда.

ССВ нафас қисиши билан боғлиқ шикоятлар сони ортганини маълум қилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Тез ёрдам» хизматига бўлган жами чақириқлар сони 3 ноябрдаги 3433 тадан 4 ноябрда 4082 тага етгани, 678 киши нафас қисишидан шикоят қилганини билдирди. Вазирлик аҳолига чангли ҳавода ниқоб тақиш, аллергик ва астма касаллиги бор беморларга ташқарига чиқмасликни тавсия қилди.

Ҳудудларда 35 кг дан ортиқ гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди

ДХХ ва Давлат божхона қўмитаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Жиззах, Тошкент, Самарқанд ва Андижон вилоятларида жами 17 кг 165 гр «опий» ва 18 кг 279 гр «гашиш» гиёҳванд моддаларининг муомаласига чек қўйилди.

Тошкентнинг айрим туманларида ичимлик суви таъминоти тўхтатилди

«Қодирия» бош сув иншоотидаги носозлик туфайли пойтахтнинг айрим туманларида ичимлик суви таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Жумладан, авария оқибатида Мирзо Улуғбек туманидаги иккита қозонхонага совуқ сув келиши тўхтаган ва туман аҳолиси таъминотсиз қолган.

«Ўзбекнефтгаз» Лондон фонд биржасига $700 млнлик халқаро облигацияларни жойлаштиради

«Ўзбекнефтгаз» ноябрь ойида Лондон фонд биржасига 700 млн долларлик қийматдаги халқаро облигацияларни жойлаштиради. Ундан тушган маблағлар эса жамият эҳтиёжларига сарфланади.

Самарқандда Сурияга кетмоқчи бўлган шахслар тўхтатиб қолинди

Самарқандда ДХХ террористик ташкилот тарафдорлари сифатида гумон қилинган 10 нафар шахснинг Сурия давлатига чиқиб кетишининг олдини олди. Улар ижтимоий тармоқларда «жиҳод»га чорловчи материалларни мунтазам равишда тарқатиб келгани айтилмоқда.

Миллий боғда иккинчи кўл ҳам қуритилди. Унинг ўрнига театр қурилмоқда

Миллий боғда Қонунчилик палатаси биноси ёнидаги кўл қуритилиб, унинг ўрнига Миллий академик драма театрининг янги биноси қурилмоқда. Бунга қадар кўлдаги оролчада томоша минораси бўлган Light House ресторан мажмуасини барпо этиш мўлжалланаётган эди. «Газета.uz» қурилиш жойига бориб, вазиятни ўрганди.

Чангли туман қандай пайдо бўлди ва у қанча давом этади? «Ўзгидромет» жавоблари

Чанг бўронлар Ўзбекистон ва минтақада тез-тез учраб турадиган ҳолат. Аммо ҳозирда республика бўйлаб кузатилаётган чангли туман ғайриоддий эканлиги қайд этилди. У секин тарқалмоқда ва эртагача давом этиши мумкин, деб хабар берди «Ўзгидромет» «Газета.uz»га. Марказ мамлакатдаги кенг кўламли қурилиш ишлари ушбу ҳодисанинг пайдо бўлиш сабабларидан бири эканлигини тасдиқлади.

Тошкентда 13 йил олдин давлат эҳтиёжи учун бузилган уй-жойнинг зарари хануз қопланмаган

Тошкент шаҳрида давлат эҳтиёжи учун 13 йил олдин бузилган уйлар ўрнига уй-жой ёки компенсация пуллари бугунги кунга қадар тўлаб берилмаган. Депутат Расул Кушербаевнинг таъкидлашича, «бу ҳаракат давлатнинг ўз фуқароси олдида хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш мажбуриятини бажармаётганини кўрсатмоқда».

Яна бир сайёҳлик компаниясининг мижозлари парвоз кечикишига дуч келишди

Пайшанба куни Москвага парвоз кечикиши сабабли Урганч аэропортида 300 га яқин одам йиғилди. Uzbekistan Airports сайёҳлик компанияси керакли ҳужжатларни ўз вақтида тайёрламагани ҳақида хабар берди. iFly Airlines самолёти кечки пайт етиб келди.

Ўзбекистонда 150 йил ичида бундай ҳодиса кузатилмаган — «Ўзгидромет» чангли туман ҳақида

Кучли шамоллар туфайли мавсумга хос бўлмаган чанг-ғубор ходисалари юзасидан «Ўзгидромет» ҳудудлар кесимидаги тафсилотларни эълон қилди. Марказ 150 йил давомида бундай ҳолат илгари кузатилмагани қайд этди. Пайшанба оқшомида ҳаводаги чангнинг рухсат этилган миқдоридан ошиб кетиши 30 бараварга етди, кейин эса 10 бараварга тушди.

Энергетика вазирлиги — газ нархидаги тафовутни қоплаш учун бюджетдан ажратилган 1 трлн сўм ҳақида

2020 йил якунига кўра, «Ўзтрансгаз» томонидан истеъмолчиларга етказиб берилаётган 1000 куб метр табиий газнинг қиймати газнинг ўртача нархидан 90 минг сўмга қимматроқ бўлди. Бунинг оқибатида 3,6 трлн сўмлик зарар вужудга келган. Шу муносабат билан давлат бюджетидан 1 трлн сўмлик субсидия ажратилмоқда, дея тушунтирди Энергетика вазирлиги.

9 ойда Ўзбекистонга 1,2 млнга яқин турист ташриф буюрган

9 ой ичида Ўзбекистонга 1,2 млн нафарга яқин хорижий сайёҳлар ташриф буюрган, 273 млн долларлик туризм хизматлари кўрсатилган. Шунингдек, ушбу даврда туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун 6,5 млрд сўм миқдорида субсидия ажратилган.

«Газета.uz»да чиққан фотоматериаллар:

Фото: Тошкентни чанг-қумли туман қоплади

Тошкент кўчалари ва улардаги объектлар устини чанг қоплади. У кийимларга ҳам ўтириб қолмоқда, қолаверса, бинолар ичида ҳам сезилаяпти. Пойтахтдаги чанг-қумли тумандан фоторепортаж.

Фоторепортаж: Чанг туманида қолган тонгги Тошкент

Тошкентга қумли туман олиб келган шамол тўхтади, аммо чанг ҳавода сақланиб турмоқда. Пойтахт кўчалари сариқ рангга бурканган. Ноодатий об-ҳаво ҳодисаси ҳақидаги фоторепортаж — «Газета.uz» мухбири Евгений Сорочин объективида.

Фоторепортаж: Тошкентда чангли туман. Иккинчи кун

Пайшанба куни Тошкентни қоплаган чанг-қумли туман ҳали ҳам тарқалгани йўқ ва прогнозларга кўра, яқин кунларда ҳам давом этади. «Газета.uz» мухбири пойтахтнинг диққатга сазовор жойларидан Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси бинолари, Амир Темур ҳайкали ва бошқа жойларни суратга олди.