Ўзбекистоннинг умумий энергетика балансида жамоат биноларининг истеъмол улуши саноат ва транспорт секторини ортда қолдириб, қарийб 60 фоизни ташкил этмоқда.

Бу 11 ноябрь куни Энергетика вазирлиги ва Жаҳон банки ҳамкорлигида ўтказилган «Биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш дастурини ишлаб чиқиш» мавзусидаги давра суҳбатида таъкидланди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосарининг тадбирда маълум қилишича, Ўзбекистонда асосий муаммолардан бири бу энергия тежаш масаласи билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Назиржон Назиров.

«Бошқа мамлакатларга нисбатан иқтисодиётдаги энергия сиғими юқори даражага эга бўлган Ўзбекистонда биринчи навбатда уй-жой ва биноларни эксплуатация қилишда энергия сарфини тубдан қисқартириш ва энергия тежаш бўйича катта муаммолар мавжуд», — деди Назиржон Назиров.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли биноларнинг энергия истеъмоли ошиши атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришига ҳам сабаб бўлишини айтди.

Марко Мантованелли.

«Агар биноларни замонавий стандартларга мослаштириб қурмайдиган бўлсангиз қанча энергия қўшилишидан қатъий назар энергия истеъмоли 50 фоиз ва ундан ортиқ даражада қолаверади. Юқори энергия истеъмоли дегани эса бу газни атроф муҳитга ташлаш ва иқлим ўзгаришлари деганидир», — дея фикр билдирди Марко Мантованелли.

Анжуманда шунингдек, Ўзбекистонда иситиш сарфи (солиштирма иссиқлик сарфи) ўртача 320−390 кВт. соатни ташкил қилиши айтилди. Бу кўрсаткич иқлими совуқроқ бўлган Голландияда 95 кВт. соатга, Европада ўртача 150 кВт. соатга ва дунёда эса ўртача 220 кВт.соатга тенг.

Биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш қуйидаги асосий мезонлардан иборат:

  • табиий ёритиш;
  • шамоллатиш, иситиш ва совутиш;
  • иссиқлик изоляцияси.

Қайд этилишича, Ҳукуматнинг бир қатор қарорлари асосида мавжуд биноларда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кичик қуёш фотоэлектр станциялари, қуёш сув иситкичлари, иссиқлик насослари, ёруғлик тизимлари учун ЛЕД манбалари, энергия тежовчи газ ёндиргичлари каби қурилмалар ва бошқаларни ўрнатишга рухсат этилган.

Қолаверса, тадбирда Жаҳон банки ва бошқа ҳамкорлар иштирокида биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш Миллий дастурини ишлаб чиқиш бошлангани маълум қилинди.

«Фақат иситиш қозонларини замонавий энергия тежовчи қозонларга алмаштириш табиий газ сарфини қарийб 20 фоизга тежаш имконини беради», — деди энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Ахмедхаджаев.

Таъкидланишича, бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини таъминлаш ва энергия тежайдиган технологиялардан фойдаланиш йилига 1,1 млрд куб метр табиий газни (946 минг тонна нефть эквиваленти) тежаш имконини бериши мумкин.