«Энг яхши атроф-муҳит фотосуратчиси» танлови 14 йилдан буён ўтказилмоқда. У нафақат иқлим ўзгариши муаммоларига, балки инсониятнинг оғир шароитларда омон қолиш ва муаммоларга ечим топиш қобилиятига ҳам бағишланган. Танловнинг яна бир мақсади — БМТнинг барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш сиёсати соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.

Бу йилги ғолиблар шу кунларда Глазгода бўлиб ўтган БМТнинг иқлим бўйича COP26 саммитида эълон қилинди.

Испаниялик фотосуратчи Антонио Арагон Ренунсио 2021 йилнинг энг яхши атроф-муҳит фотосуратчиси ғолиби бўлди. Унинг Гана қирғоғидаги вайрона уйда ухлаётган боланинг сурати ҳакамлар ҳайъати томонидан бир овоздан маъқулланди. Сурат муаллифи Ғарбий Африка давлатларида минглаб одамларни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилаётган денгиз сатҳининг кўтарилиши муаммосига эътибор қаратмоқчи бўлган. Ғалабаси учун фотосуратчи 10 минг фунт стерлинг олган.

Фото: Антонио Арагон Ренунсио

Бошқа фотосуратлар

Фото: Амаан Али

Ҳиндистон пойтахти Деҳли чеккаси Ямуна Гат ҳудудидаги уйи яқинида ўрмон ёнғинини ўчираётган болакай.

Фото: Ашрафул Ислам

Қўй тўдаси дарз кетган ердан ўт изламоқда. Бангладешдаги мисли кўрилмаган қурғоқчилик кўплаб ҳайвонлар ҳаётига таҳдид солмоқда.

Фото: Симоне Трамонте

Исландиянинг Algalif компаниясининг фотобиосинтез реактори соф геотермал энергиядан фойдаланган ҳолда астаксантин ишлаб чиқаради. Астаксантин инсон танасининг кўплаб қисмларининг ҳаётий функциялари учун зарур бўлган табиий органик моддадир. Исландия қазиб олинадиган ёқилғидан деярли бутунлай воз кечиб, қайта тикланадиган энергияга ўтган.

Фото: Кевин Очиенг Оньянго

Ушбу саҳналаштирилган фотосуратда табиатнинг инсон ҳаётидаги ўрни кўрсатилган. Бола қум бўрони ўртасида ўсимликдан кислородни ютмоқда.

Фото: Сандипани Чаттопадхай

Муссон ва қурғоқчилик даврларининг тартибсизлиги Ҳиндистондаги Дамодар дарёсида сув ўтларининг гуллашига сабаб бўлмоқда. Ўсимликлар ёруғликнинг сиртга киришига тўсқинлик қилади ва тирик организмларнинг кислородни сингдиришини мураккаблаштиради. Бу эса ўз навбатида ҳудуддаги бутун яшаш муҳитига ва инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.

Фото: Майкл Лапини

Панаро дарёсида кучли ёмғир ва қўшни водийдаги қор эриши туфайли юзага келган сув тошқини ўртасида қолган уй.

Фото: Ашрафул Ислам

Бангладеш дарёларида сув ўтлари ва йўсининг айрим турларининг кўплиги бу ерда кўплаб балиқларни ўзига жалб қилади. Мамлакатнинг баъзи ҳудудларида балиқ овлаш асосий даромад ва тирикчилик манбаи ҳисобланади.

Фото: Селия Кухала

«Сувга шўнғиганимда оғзида илгак бўлган денгиз арслони боласини кўрдим. Мен сувда бўлган вақтимда у олдимда худди ёрдам сўраётгандек ёнма-ён сузарди», — деб эслайди фотосуратчи.

Фото: Джакомо Д’Орландо

Немо боғи — бу сув ости хўжалигини ривожлантириш лойиҳаси. Унинг муаллифлари атроф-муҳит шароитлари ўсимликларнинг ўсиши жуда қийин бўлган ҳудудларда деҳқончиликнинг муқобил усулини топишга умид қилмоқда.

Фото: Субрата Дей

«Ушбу сурат Бангладешнинг Читтагонг провинциясидаги пластикни қайта ишлаш заводида олинган. Қайта ишлаш ифлосланиш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш учун зарур», — дейди муаллиф.