17 ноябрь — «Халқаро талабалар куни». «Газета.uz» Ўзбекистоннинг турли университетларида ўқиётган талабалардан ушбу давр чиндан ҳам «олтин»ми, ушбу даврда талаба нималар қилиши кераклиги ҳақида сўради.
«Талабалик ҳаёти — ўсмирликдан катталикка ўтиш даври» — Хадичабегим Найманова
Хадичабегим Найманова Тошкент давлат ахборот технологиялари университетининг Дастурий инжиниринг факультети 3-курс талабаси.
— Талабалик — ҳаётнинг олтин даври. Бироқ 2019 йилда ўқишга кирганларнинг кўпчилиги бу гапга қўшилмасалар керак. Кўпчилик талабалик даври клуб ва караокеларга бориш, романтика ва ғам-қайғусизликдан иборат деб ҳисоблайди. Балки мен учун ҳам шундай бўларди, лекин ҳаётнинг ўз режалари бор экан. Иккинчи семестрда карантин бошланди ва талабалик даврининг барча романтикаси компьютер экранлари ортига ўтди.
Фото: Хадичабегим Найманованинг шахсий архивидан
Аммо одамлар ажойиб мавжудотлар, улар ҳар қандай шароитга мослаша оладилар. Аввалига ўз-ўзини изоляция қилишга кўникиш қийин эди, кейин эса бу аста-секин комфорт зонага айланди. Ўқитувчи маъруза ўқиётганда қулай жойда чой ичиб ўтириш нақадар ёқимли. Охир-оқибат, 1 ва 2-босқичларни биз Zoom дастурида ўтказдик, ҳатто туғилган кунларни ҳам онлайн тарзда нишонладик. Қайсидир маънода, бу экстровертлар учун синов, интровертлар учун эса жаннат эди. Яхшиямки, учинчи курсда ҳамма нарса одатий ҳолатга қайтди, аммо ҳиссиётлар қиш уйқусидан кейин уйғониш каби эди.
Талабалик ҳаёти — ўсмирликдан катталикка ўтиш даври. Гўёки ушбу лаҳзаларни ўтказиб юбориб, дарҳол катталар ҳаётига тушиб қолгандекман. Чунки учинчи курсда мустақил бўлиш, харажатлар ва яшаш учун пул ишлаш керак. Келажак учун аниқ мақсадлар қўйиш ва улар сари шаҳдам қадам ташлаш керак бўлган пайт. Ота-онамга оғирлигим тушмаслиги учун ўқишга киришиш ва дарҳол иш топиш осон эмас эди.
Орадан бир ой ўтиб, ўз мутахассислигим бўйича ишга жойлашдим ва ҳозирда шу ерда ишлаяпман. Дорамаларда (корейс сериаллари) иш ва университетда ўқишни бир вақтда олиб бориш осондек туюларди. Аслида, кучли чарчоқ юзага келиши мумкин, айниқса дам олишга вақтингиз бўлмаса. Яхшиямки, дўстларим бор, уларни истироҳат боғига чақириб, шунчаки жимликда ўтириб, осмонни томоша қилишим мумкин.
Ҳозир мен ҳафтасига 7 кун 24 соат ўқиш ва иш билан бандман, лекин семестр охирида яхшилаб дам олишни режалаштирганман.
«Пойтахтга энди келган талабалар учун биринчи босқич таълим даргоҳида эмас, шаҳарнинг диққатга сазовор жойларида ўтиб кетса, ажабмас» — Оқил Абдубарноев
Оқил Абдубарноев Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Халқ ижодиёти факультети 4-босқич талабаси.
— Хаёлимиз дарсдан амаллаб қочиш ҳамда чим қопламаси тепакал бўлган майдонда тилимиз осилгунча тўп тепиш бўлган мактаб давримизда талаба бўлган ака-опаларимизга ҳавас қилардик. Бироқ улар «олтин давр» тўғрисидаги ўзаро суҳбатларда янги илмий ёки техник кашфиётлар ҳақида эмас, асосан, пахта даври ҳақида берилиб гапиришарди. Эҳтимол, улар «олтин давр» дея «олтин куз» фаслидаги жараёнларни назарда тутишгандир. Биз ҳам улар сингари талабалик бахтига муяссар бўлдик, бироқ пахта чаноқларини қўлимизга ушлашдан, макаронли овқатни совуқ далада паққос туширишдан ҳамда ўзимизни кўз-кўз қилиш учун қизларнинг кўсак аралаш пахта рўпагини кўтаришдан «бебаҳра қолдик».
Пойтахтга энди келган талабалар учун 1-босқич таълим даргоҳида эмас, шаҳарнинг диққатга сазовор жойларида ўтиб кетса, ажабмас. Аксига олиб, ўзимизни «чала тошкентлик» деб ҳисоблай бошлаганимизда, тождор махлуқотлар (коронавирус — таҳр.) келган жойимизга қайтиб кетишга мажбур қилди. Шундан сўнг «олтин давр"имиз «карантин давр»га айланди. Шу боис ўзим бошимдан ўтказган талабалик даврини нима деб аташга ҳам ҳайронман.
Талаба деганда, кўпчиликда ўқимишли, қолганларга нисбатан нуфузи баланд деган тушунча мавжуд бўлиши мумкин. Лекин шахсан ўзим ундай деб ўйламайман. Шундай инсонларни биламанки, улар учун бизнинг олийгоҳларда жой топилмаган, бироқ билим борасида унча-мунча магистрни ҳам ўрнига ўтқазиб қўяди. Салкам бир автомобиль пулидан воз кечиш эвазига қўлга киритилган бир парча қоғоз фақатгина ўтин ёқишга ярашини тасаввур қилиш оғир. Талаба деган номни олгач, ҳамма нарсани қойиллатаман деган умидда ташриф буюриб, кейинчалик бу умидлар қушлар сингари олисларга учиб кетишининг кўп маротаба гувоҳи бўлдим. Биз хаёл қилган таълим қандай эди-ю, амалда қандай эканини бир ой ичида билиб олдик.
Фото: Оқил Абдубарноевнинг шахсий архивидан
Вазир бўлишдан бошланган орзулар оддий ходим бўлишга ҳам рози бўлаверган сари дастлаб бунга сабаб сифатида бутун олийгоҳ, ўқитувчиларни кўрсатиб, луғат бойлигимиздаги жамики «ширин сўзлар»ни ёғдирдик. Бироқ кейинчалик бир нарсани англадимки, бировга қараб қолиш керак эмас экан, бундан наф йўқ. Тизимни айблаш маънисиз, бу худдики омад сўраб беҳаракат ўтиришдай гап. Ўқитувчилар ҳам ўзида борини беради, улардан ортиғини кутиш ярамайди. Янги билимлар керакми, марҳамат, ўзинг учун ҳаракат қил, интернет, кутубхона, ҳамма нарса муҳайё, фақат ўзинг излан ҳамда кашф қил. Мактабда «йигит баҳога» (2−3 баҳога) ўқиган Эйнштейн ёки Ньютон ўз қонунларини яратишда домласига қараб қолганига ишонмайман. Эҳтимол, Илон Маск маънавиятшуносликдан умрида беш олмагандир, аммо у яратаётган кашфиётлар ҳалигача биз варақлаётган китобларда қайд этилмаган.
Талабалик одам ҳаётини ағдар-тўнтар қилиб ташламаса-да, умр чорраҳаси сари олиб чиқади ҳамда бир неча йўлни таклиф қилади, ҳар ким ўзи истаган йўлга равона бўлади. Кимдир бир йўлдан жуфти ҳалолини топиб, оила қуришга тутинади, кимдир «соққа» қилиш йўлидан юради, кимдир илм учун жонини фидо қилади, яна баъзилар учун «хайр олийгоҳ, салом Россия»…
Талабаликдан унумли фойдаланиб, «бриллиант давр»га айлантириш ҳам, таралган сочларни кўз-кўз қилганча вақт ўтказган ҳолда «сариқ чақа"ли даврга айлантириш ҳам ўзимизга боғлиқ. Таълим олаётган соҳага қизиқиш борми, охиригача изланиш керак, дангаса муҳитни чилпарчин қилиб ташлаш керак, шунда қачондир биз истаган нурли қуёш ўз жозибасини кўрсатади.
Мен талабаликдан кўп нарса олдим дея мақтанолмайман, мақтовдан кўра кўпроқ танқид қилишим мумкин. Бироқ битирувчи бўлганим сари ўзимдан қуйи босқичда таҳсил олаётганларга яхши маънода ҳасад қиламан, бу ерларни келгусида қумсашимни ҳозирдан ҳис қиламан. Олийгоҳга қадам ранжида қилиш ортиқча иш қилишимдан яна кўпгина нарсалардан маҳрум қилади. Лекин барибир, унга меҳрим бўлакча. Севимли таоми лапша бўлган талаба дўстларимни инсон ҳаётидаги энг унутилмас шодиёналардан бири билан табриклаб қоламан.
«Бизга катта-катта ишларни қилишни бундай ишларни қилмаган ўқитувчи ўргатади» — Абдулло Насуллаев
Абдулло Насуллаев Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёт университетининг Таржима назарияси ва амалиёти факультети 4-босқич талабаси.
— «Талабалик — олтин давр» деган тушунча жуда ҳам ёмон стеоротип, деб ҳисоблайман. Худди тўйларимиздаги стереотип каби инсон учун фақат ва фақат зарарга ишловчи стереотип. Нимага? Абитуриент 3−4, ҳатто 10 йиллаб талаба бўлиш учун тайёрланади. У қандайдир ўқишни битириб катта иш қилиш учун тайёрланмайди, «ўқишга кириб, шу соҳани ўқиб, Ўзбекистонда шу соҳа бўйича 1-рақамли бўламан, халқаро даражада мана бундай иш қиламан», деган фикрда кирмайди ўқишга. «Талабачиликми? ҚВЗга, концертларга тушаман, дўстлар билан стипендия тушган вақтида мазза қилиб ўтирамиз, чойхона қиламиз, ичиш, чекишни ўрганаман», деб хаёл қилади.
Айтишингиз мумкин: «ҳозирга қадар қанчадир миллион талаба ўқишни битириб кетган, уларнинг ҳаммаси талабаликни олтин давр, деб айтадику», дея. Лекин уларнинг қанчаси бирор фахрланарли иш қилди? Иш қилаётганларнинг ҳаммаси чет элда ўқиб келган ёки талабаликда олтин давр кўрмаган. Уларнинг кўпчилиги ўзининг курсдошларини ҳам танимайди. Дарслардан «йиқилиб» юрган. Мени ҳам ўқишдан ҳайдашмоқчи эди. Чунки мен учун университет «приоритет» бўйича 1-ўринда турмайди.
Мен «агар инсон ўзини ҳаётини бутунлай чиқинди бўлишини хоҳласа, талабаликни олтин давр, дейиш мумкин» дердим.
Фото: Абдулло Насуллаевнинг шахсий архивидан
Юқорида мен фақат негатив томонлари ҳақида гапирдим. Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Яъни олтин деб нима ўхшатиляпти. Илм олиш даврими ёки умуман курсдошлар билан муносабатми? Агар сиз ўзингиз ёқтирган йўналишда ва ўзининг йўналишида 1-рақамли бўлган университетга кирсангиз, масалан, мен маркетинг, менежментга қизиқаман, Гарвард ёки Стенфордда ёки Европанинг қайсидир бирор университетида ўқисам, бу мен учун олтин давр бўлади. Чунки у ерда ҳамма мен айтаётгандек фикрлайди. Яъни, талабалик бу — дунёни ўзгартириш учун энг катта билимларни ўрганувчи ва дунёни ўзгартиришни истовчи инсонлар билан нетворкинг қилинадиган ҳудуд, деб ҳисоблашади. Улар кўп ҳам «кечки базмлар»га берилишмайди. Эътибор берсангиз, ҳозир кўплаб start-up`лар университет даврида чиқяпти. Америкада кўплаб стартап асосчилари магистрантлар ёки битирувчилар.
Агар биз «олтин давр» тушунчаси ҳақида гапирганда курсдошлар билан вақт ўтказишга урғу бермасдан, ўзимиз севган ва келажаги бор бўлган, мамлакатни ривожлантирадиган соҳага кириб туриб, ўшани ўрганишга ушбу даврни сарфлайдиган бўлсак, шунда ҳа, олтин давр бўлади. Бу давр бизни назарий эмас, балки амалий билимларимизни оширишга тўсиқ бўлмаса, унда олтин эмас, «бриллиант давр» бўлади.
Ҳозир университетларда дарс берувчиларнинг баъзилари магистратурани битириб, йиллар давомида дарс бериш ҳисобига шаклланган ўқитувчилардир. Улар ҳаёти давомида фақат дарс берган. Бизга катта-катта ишларни қилишни бундай ишларни қилмаган ўқитувчи ўргатади. Агар у ростанам 2−3 та катта иш қилиб қўйган бўлса, ундан «авлиёси» йўқ. Чунки рақобат йўқ. Рақобат бор, лекин рақобатдошлари университетда дарс бермайди. Шу учун ҳам ҳозир хусусий университетлар ва ўқув марказлари яхши шаклланиб келяпти. Ва бундан кейин бу давр кейинги авлодга олтин давр бўлади, деган умиддамиз.
Шахсан мен учун талабалик — олтин давр бўляпти. Чунки мен ўзим қизиқмаган соҳага ўқишга кирган бўлсам ҳам, университет ҳаётимдаги битта энг муҳим ўзгаришга сабаб бўлди. Шунингдек, университетда фаол ҳаракат қилганим эвазига устозларим мени қўллаб-қувватлашди ва менинг шахс сифатида ривожланишимга сабаб бўлишди.
«Талабалик хато қилиш учун зўр давр» — Неъматжон Мансуров
Неъматжон Мансуров Губкин номидаги Россия Давлат нефть ва газ университетининг Геологик ва геофизик қидирив технологиялари факультети 5-курс талабаси
— Менимча, чиндан ҳам талабалик — олтин давр. Айнан ўзига ўхшаган, ўзи билан бир хил фикрлайдиган одамларнинг даврасида бўладиган, янгиликларни ўрганадиган ва ўзини қайсидир маънода англаш учун энг қулай муддат. Кўп такрорлайман, талабалик — хато қилиш учун зўр давр. Талабалик ўзини ҳар хил соҳаларда синаб кўриш учун яхшигина имконият. Чунки қайсидир маънода ота-онасининг қарамоғида бўлади, масъулият камроқ бўлади.
Фото: Неъматжон Мансуровнинг шахсий архивидан
Шунинг учун ҳам талаба ҳамма соҳада ўзини синаб кўриб, ўзига ёққан соҳани танлаб олиши ва кўпроқ хато қилиб, кўпроқ тажриба йиғиши учун бу энг яхши пайт, деб ўйлайман. Бизда бу нарса осонроқ. Чунки университетларимизда нисбатан ўқиш осон ва дарсдан кейин ҳам вақтни ўзига ёққан йўналишга сарфласа бўлади. Бизда университетда ўқишнинг плюс томони шу.
Лекин бизда барибир билимлар ўқувчига чуқур ўргатилмайди. Чет элда фан кам бўлади, масалан, 4−5 та фан бўлади, лекин улар ҳам асосий фан бўлиб, жуда чуқур ўргатилади. Шу орқали талаба маълум йўналишнинг профессионали бўлиб чиқади. Бизда 15−20 та фан қўйишади. Талаба эса буни ўзлаштиришга улгурмаслиги аниқ. Шунинг учун ҳеч қайси фанни яхши ўргана олмайди. Шу учун талабаларга фақат асосий фанларни мукаммал ўрганишларини тавсия қиламан.
«Мен ўз йўлимни, шуғулланишни истайдиган касбимни аниқ қилгач, талаба бўлдим» — Нуржаҳон Фармонов
Нуржаҳон Фармонов Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг Интернет журналистика факультети 3-босқич талабаси.
Талабалик олтин давр эмас. Олтин давр — бу болалик. Талабалик — шахсни ҳақиқий ҳаётга ташлаб юборадиган давр.
Бизнинг жамиятда талабалар мустақил ҳаётга илк қадамларини босиб кўради. Ғарбда тескариси, талаба анча мустақилликка эришиб бўлган, нима хоҳлашини ва келажагини қандай бўлиши ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиб улгурган бўлади. Бизда эса (айниқса мактаблар 11 йилликка ўтказилгач, бу сифат кўпайди) талаба бўлган ёшлар нима қилишни билмай қолишади. Чунки университет ёки институт бошқа олам: у ерда ўқимасанг ҳам кейинги босқичга ўтказиб қўядиган севимли синф раҳбаринг йўқ, бошланғич даражадаги, сендан катта ака, опаларинг ҳам бажариб бероладиган уй вазифаларинг йўқ. Бошқа шаҳарда, дейлик пойтахтда ўқиётган ёш учун эса қўшимча «бонус» қийинчиликлар бор. Бепул яшашга уйинг йўқ, доимий пул бериб турадиган ота онанг ёнингда эмас ва ҳ.к.
Шу мантиқда давом этамиз: фақатгина олий таълимга кириш учун бор фокусини, кучини бериб ҳаракат қилган ёш учун янада кўпроқ қийинчиликлар кутилади. Ўзи интилиб кирган жойда ўзи кутган сифатдаги билимлар берилмайди, табиийки чуқур депрессияга шўнғий бошлайди. Facebook ижтимоий тармоғида куз ойларида сиқилган, ҳаётда маъно қидирган маънодаги постлар кўпайиши бежизга эмас. Ватанга муҳаббат шу даврда шаклланади. Илк коррупцияга ҳам шу даврда дуч келинилади.
Фото: Нуржаҳон Фармоновнинг шахсий архивидан
Бу даврнинг яхши тарафи янги ҳаёт бошлаш учун кўп имконият бўлади. Таваккал қилиш, бизнес қилишга уриниб кўриш, хато қилишдан ҳам қўрқмаслик бўлади бу даврда. Ҳар ҳолда 30 дан ошган, 3 та болали одам талабадан кўра кўпроқ қўрқади хато қилишдан.
Талабалик даврида ишлаш керак. Иш жараёнида шахс сифатида шаклланиш бўлади, ўз йўлини топиши мумкин бўлади. SMM`чи бўлиб 3 ойда Gentra олиш мумкин деган хаёл абсурд эканлигини фақатгина SMM`чи бўлиб ишлаб кўрибгина англаш мумкин. Умуман, ҳозирги даврда хусусий секторда иш вақтига эмас, иш сифатига ва кўламига эътибор бериш шаклланди. Ярим кун ишлаб ҳам, ўзининг ойлик харажатларига, ҳатто пул жамғаришга ҳам етадиган пул ишлаб топиш мумкин. Бу учун албатта талаба-ёшнинг кимё ёки математикадан қанчалик кучли репититорга боргани эмас, иш берувчи талаб қилган ҳунарни яхшироқ бажаришига қаралади.
Ҳозирги таълим сифати каби муаммолар орқасида яна бир муаммо бор. Буни кўпчилик илғамаяпти. Бу бизнинг олий таълим муассасаларида «student's life» (талабалар ҳаёти) йўқлиги. Бу Ғарбда кенг тарқалган одат. Бу талабалар бир-бири билан яхши коммуникация қилиш учун ишлаб чиқилган тизим, ҳозирга келиб ҳар бир талаба учун одатга айланган. «Student's life»да талабалар биргаликда лойиҳалар қилишади, пикниклар, party`лар уюштириб, театр ва музейларга боришади. Бизда пикник қилишга деярли шароит йўқ, афсуски қурилишлардан чиқадиган чанглар ўтириб қолган ерларда ўтириш тугул янги оёқ кийим билан юришга ҳам тортинасиз. Party`лар маданияти ҳали шаклланмаган, чойхоналар фақат йигитлар билан қилинади. Театр, музейлар эса бўшаб ётибди, санъат ўлган, аниқроғи ўлдиришган. Бизда «student's life» бу йигитларнинг чойхонаси ва курсдошлар тўйи. Тошкентдаги Вестминстер университетида бу «life» қисман шакллангани ҳақида гап-сўзлар юради, лекин ўзим гувоҳи бўлмадим.
Мен ўз йўлимни, шуғулланишни истайдиган касбимни аниқ қилгач, талаба бўлдим. Шунинг учун талабалик даврим сиқилишларсиз ўтяпти, чунки вақт йўқ бунга. Демак, талаба бўлмоқчи бўлганлар аввалига, шу йўналишни битириб келажакда ишлай оламанми, қизиқаманми ўзи деган саволни ўзларига бериши муҳим. Келажакда бу касбим пул олиб келадими, давр талаби бўлиб қоладими деган таҳлилларни қилиб кўриши керак.
Талабалик Ўзбекистонда ҳаётнинг бошланиш нуқтаси. Сиз бу даврни ўзингизни англашга сарфласангиз, кейинроқ қийналиб қоласиз. Чунки талабалик ҳаёти сиздан мустақил шахс ҳаракатларини кутади, ўзини энди англаётган ўсмирни эмас. Шунинг учун талабаликда кўпроқ ишлаш керак. Турли лойиҳаларда, касбларда, бизнесда ўзингизни синаб кўринг. Кўпроқ коммуникация қилинг, янги танишлар янги давраларни, янги давралар эса янги имконият эшикларини очади. Ўзингизни йўлингизни топиб олганингизда сиз ўқиётган олий таълим муассасаси усти рангли теридан тикилган ҳужжатдан бошқа нарса беролмаслигини тушунасиз.
«Университетга кириш ҳақидаги бутун тасаввурларим оилам ва бу тажрибага эга бўлган одамларнинг ҳикояларидан шаклланган эди» — Владимир Мякота
Владимир Мякота Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали Амалий математика ва информатика факультетининг 4-босқич талабаси.
— Биринчи босқичдалигимдаёқ биринчи сессиядан сўнг ушбу жумлани ўйлаб топган эдим: «Мен жуда яхши талабаман, лекин ёмон ўқувчиман». Ушбу жумла ОТМда ўқиш жараёнида олишим мумкин бўлган барча нарсани ўзимда тўлақонли ҳис этганимни билдиради. Ойлар давомида ортидан чопишимга сабаб бўлган академик қарздорлик; бутун бошли семестр дарсларини бир неча кунда ўзлаштириш, имтиҳонларни муваффақиятли топширгандан кейин эса бутун курс давомида бир маромда таълим олиш, кўплаб янги танишлар, катта ҳажмдаги маълумотлар ва қанчадан-қанча имкониятлар.
Талаба қандай ўқиши ёки ўқимаслигидан қатъи назар, ОТМ энг асосийси унга имконият бериши лозим: кўп йиллар давомида ҳар куни шу фан билан шуғулланган кишилардан керакли фан соҳаси ҳақида маълумот олиш имконияти, келгуси ҳаётда муҳим рол ўйнайдиган янги танишлар орттириш имконияти, деярли ҳар қандай маълумотни тезда ўзлаштириш ва уни қўллаш имконини берувчи кўникмаларга эга бўлиш имконияти.
Фото: Владимир Мякотанинг шахсий архивидан (чапдан иккинчи)
Олий маълумот олиш, университетга кириш ҳақидаги бутун тасаввурларим оилам ва бу тажрибага эга бўлган одамларнинг ҳикоялари асосида шаклланган эди. Ўқишга киришдан аввал фанни топшириш ўта қийин бўлган ва кўплаб талабаларни ҳайдаб юборадиган ўқитувчи бўлишини кутгандим. Фанлар ҳақидаги маълумот ўқишни тугатгандан кейин бир неча йил ўтиб унутилишини, лекин уни қаердан ва қандай топишни унутиб бўлмаслигини билардим. Энг қизиғи, университетдан кейин ҳамма бутун умри давомида эслаб турадиган «талабалик ҳаёти» эди: турли тўгараклар, байрамлар, янги танишлар ва орттирилган дўстлар, имтиҳонларни топшириш жараёни ва барча имтиҳонлар топшириб бўлинганидан кейинги қувонч ва енгиллик ҳисси.
Мен математика факультетида ўқийман ва ҳар қандай мураккабликдаги математика тўғри тушунтирилса, уни ҳамма ҳам англашини биламан. Аммо математик таҳлилнинг биринчи дарсидан сўнг тўғри тушунтириш бўлмаслигини ҳамда бу энг қийин фанлардан бири бўлишини сездим.
Ҳаётдан мисоллар келтириш ўрнига (бутун математика шундан бошланган), бир дунё тушунарсиз белгилар, таърифлар ва теоремаларни ёзишарди, сўнг ҳар бир талабадан уларни айтиб беришни талаб қилишарди. Ва математика билан боғлиқ ҳар бир дарсда шундай қилишарди. Аммо баъзида математика нима эканлигини ва бу тушунарсиз белгилар қандай ишлатилишини ҳамма учун содда тарзда тушунтириб берадиган ўқитувчилар бўларди, бундан ташқари, бизнинг замонларда ушбу муаммоларни ҳал қилиб берадиган интернет ҳам бор.
Кўп ҳолларда талабаларни фанга қизиқтиришга ҳаракат қилишмайди ва барча мотивациялар сессия билан қўрқитиш ва ўқишдан ҳайдаш, баъзан эса стипендияга боғланади. Аслида эса ўқитувчининг вазифаси фақат дарсни ўтиш эмас, балки унга қизиқтириш ҳамдир.
Ўқув дастурининг ўзи ҳаммага ўргатиш ва кўрсатиш учун мўлжалланмаган, лекин бу ҳам муаммо, ҳам ечимдир. Альберт Эйнштейннинг сўзларини эслайман: «Мен ҳеч қачон ўқувчиларимга дарс бермайман. Мен уларга фақат ўзлари ўқий олишлари мумкин бўлган шароитларни тақдим этаман».
Бироқ, барибир, масала очиқлигича қолади. Ким ўқишни хоҳламаса — ҳеч ким уни ўқита олмайди, ким хоҳласа — ҳар қандай шароитда ҳам ўқийди. Агар ОТМнинг вазифаси саралаб олиш эмас, балки ўқитиш бўлса, кўп ҳолларда дастур ва унинг тақдим этилиши бунга тўсқинлик қилади.
Шунингдек, ОТМларда ўқитувчилар таркиби ҳар доим ҳам ўз соҳасини ва педагогикани яхши биладиган одамлардан иборат эмас — бу ҳали ўзларининг қарашларини шакллантириб улгурмасдан уларни бошқа талабаларга етказишга ҳаракат қиладиган талабалар бўлиши ҳам мумкин.
Ўқитиш усуллари, имкониятлар ҳақида кўп гапириш мумкин, лекин университетда талаба билим олиши ва университет билим бериши кераклиги — бу ҳақиқат. Олинган барча нарсалар, агар тўғри ишлатилса — плюс, нотўғри ишлатилса — яширин плюс.
Талабалик йиллари, бу — аниқ олтин давр ва ҳар бир инсон унинг барча гўзалликлари билан юзма-юз келса, қандай яхши.
«Талабалик эмас, умуман олганда ўрганиш даври — олтин давр» — Али Холматжонов
Али Холматжонов, Тошкентдаги Вебстер университетининг 1-босқич талабаси.
— Шахсан менда Тошкентдаги Вебстер университети талабаси ва видеограф сифатида бошқа талабалардан фарқли тажриба бўлди. Асосий билим манбаи университет эмаслиги, инсоннинг ўзидаги илм фанга бўлган қизиқиш ва чанқоқлик энг муҳим омил эканлигини англаб етдим.
Кўплаб талабалар учун «талабалик — олтин давр» деган тушунча мустақил ҳаётга қадам ва бу билан бирга келадиган қийинчиликларни англатади, яъни уларнинг кўз олдига ҳам ўқиб, ҳам ишлаш келади. Шахсан менда бу жараён университет талабаси бўлишимдан аввал бошланганлиги сабабли ишим ва университетдаги ўқишни кўп солиштираман. Агар университетга киришдан мақсад диплом эмас билим олиш бўлса, демак уни қандай олиш эмас, балки исталган йўл билан бўлса ҳам билим олишдан тўхтамаслик муҳим. Ким учундир билим манбайи университет бўлса, мен учун бу умуман бошқа тушунча.
«Журналистикада бакалавр даражасини олиш учун 4 йил ўқиш кўп» — Шерзод Нурматов
Шерзод Нурматов Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг Босма ОАВ ва ноширлик иши факультети, Спорт журналистикаси йўналиши 4-босқич талабаси.
— Албатта, талабалик олтин давр. Спорт журналистикасида ўқиётганимиз туфайли талабаликнинг олтин даври асосан турли спорт мусобақаларида бевосита иштирок этган ва этаётган давримизга тўғри келади (хоккей, футбол, самбо, бокс ва ҳоказо). Курсдошлар билан бирга ўтаётган даврлар, даврадаги самимий суҳбатлар, турли байрамларда қатнашиш, саёҳатларга чиқиш — буларнинг барчаси мен учун қадрлидир. Шубҳасиз, талабалик ҳаётимнинг энг ажойиб лаҳзаларидан бири бўлиб қолади.
Ёмон томони — ўқишга киргандан кейин кўпчилик талабаларда мотивациянинг йўқолиб қолиши, яъни ўқишга кирдим, деб билим олишни камайтириш, «self-study» (мустақил таълимга) бепарво қараш кузатилиши мумкин.
Фото: Шерзод Нурматовнинг шахсий архивидан
Яна бир нисбатан салбий жиҳатлардан бири — журналистикада бакалавр даражасини олиш учун 4 йил ўқиш. Бу кўп деб ўйлайман. Хоҳлайсизми-йўқми, иш жараёнингизга таъсир қилади.
Ўйлашимча, Ўзбекистондаги ОТМларда талабаларнинг фикрлашига камроқ эътибор берилади. Чунки асосий урғу эслаб қолиш қобилиятига қаратилади. Аслида олий таълимни тамомлаган талаба ўз йўналишининг устаси бўлиши керак.