Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Yoshlar, Navo ва Kinoteatr телеканаллари ихтисослаштирилган реклама хусусиятига эга бўлган канал сифатида фаолият кўрсатишига рухсат берилди. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 18 ноябрдаги қарорида кўзда тутилган.
Ҳужжатда мазкур каналлар томонидан умумэътироф этилган ахлоқий меъёрларга риоя қилиш, миллий урф-одатлар, тарихий ва маънавий меросни қадрлаш, фуқароларнинг онгида демократик қадриятларни шакллантириш, ёш авлодни ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган телевизион дастурлар тайёрлашга эътибор қаратилиши айтилган.
Қарор билан «Ўзбекистон» телерадиоканалида «Қишлоқ хўжалиги» таҳририятини ташкил этиш ҳам тасдиқланди.
Таҳририятда «Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, экин экиш ва парваришлаш агротехникаси, ер ва сувдан оқилона фойдаланиш, чорвачилик, ветеринария, балиқчилик, пиллачилик, паррандачилик, асаларичилик, боғдорчилик, сабзавотчилик ва иссиқхона хўжалиги» каби масалалар бўйича телерадиомаҳсулотлар тайёрланади.