Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифохоналардаги тозалик ҳолатини алоҳида назоратга олганлигини маълум қилди.
Хабарга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида беморларнинг шифокор қабулига узоқ навбат кутиши, тиббиёт ходимларининг ортиқча қоғозбозликлар билан боғлиқ юкламалари кўплиги каби камчиликлар қаторида жойлардаги аксарият даволаш-профилактика муассасаларида санитария-гигиена меъёрларига етарли даражада эътибор берилмаётгани маълум бўлди.
Шунингдек, ҳудудлардаги бир қатор шифо масканларида паразитар ва юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, санитария қоидалари ва гигиена нормаларига амал қилинишини таъминлаш, фуқаролар учун бу борада зарур шарт-шароит яратиш бўйича ишлар жиддий оқсаётгани аниқланган.
«Шундан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазири Б. Мусаев тизимдаги барча муассаса раҳбарларига мазкур йўналишдаги муаммоларни зудлик билан бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатма берди», — дейилади вазирлик хабарида.
Вазир кўрсатмасига биноан, ССВ тасарруфидаги барча даволаш-профилактика муассасаларида 3 кун ичида тегишли талабларга жавоб бермайдиган санитария-гигиена хоналарини таъмирдан чиқариш, барча зарур тозалик воситалари (совун, суюқ совун, бир марталик қоғоз сочиқ, урна ва бошқа тозалаш анжомлари) билан доимий таъминлаш бўйича масъулларга зарур топшириқлар берилди.
Шунингдек, эндиликда даволаш-профилактика муассасалари фаолияти самарадорлигини баҳолашда улардаги санитария-гигиена ҳолати ҳам алоҳида мезон сифатида белгиланадиган бўлди.
Маълумот учун, бугунги кунда ССВ тизимида жами 3365 та муассаса фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, уларнинг:
- 207 тасини туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси,
- 208 тасини кўп тармоқли марказий поликлиника,
- 995 тасини оилавий поликлиника,
- 863 тасини оилавий шифокор пункти,
- 11 тасини олий таълим муассасаси,
- 75 тасини ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш таълим муассасаси ташкил этади.