Бугун, 19 ноябрь куни «Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Жаҳон болалар кунига ҳамда UNICEF`нинг 75 йиллигига бағишланган «Ногиронлиги бўлган болалар учун инклюзияни таъминлаш» деб номланган юқори даражадаги халқаро форумда қатнашди.

Форум иши ногиронлиги бўлган болалар дуч келадиган қийинчиликларни енгиш ва уларнинг ўсиши ва ўз салоҳиятини тўлиқ амалга ошириши учун инклюзив ва қўллаб-қувватловчи муҳитни яратишга қаратилган.

Тадбирда миллий институтлар, фуқаролик жамияти вакиллари, БМТ агентликлари раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар экспертлари, хорижий жамоат фондлари, Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, болалар ва ёшлар иштирок этди.

«Барча болаларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бир хил даражада кафолатланиши лозим. Уларнинг манфаатлари устувор бўлиши керак. Дунёдаги ҳар бир бола бунга лойиқдир. Ногиронлиги бўган болалар жамиятнинг тўлақонли аъзоларидир. Уларнинг фаол ва мароқли ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, шубҳасиз, жуда муҳим», — деди Зироат Мирзиёева. Имконияти чекланган болаларни жамиятдан ажратиб қўйиш амалиётига чек қўйиш ва бу борадаги эзгу ташаббусларни қўллаб-қувватлашга чақираман. Бу жараёнда ҳар биримиз муаммоларни енгиш ва инклюзия учун кенг имкониятлар очишда иштирок этишимиз муҳим".

«UNICEF БМТнинг Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини Ўзбекистон ҳукумати ратификация қилганини ҳамда уни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилишини олқишлайди», — деди ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан.

«Энди мустаҳкам қонунчилик ва сиёсий базани, самарали мувофиқлаштирувчи тузилмаларни яратиш ва ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотларининг аҳамиятли иштирокини рағбатлантириш орқали Конвенцияни миллий даражада амалга ошириш муҳимдир», — дея қўшимча қилди у.

Форумда халқаро экспертлар ногиронлиги бўлган болалар, аёллар ва эркакларнинг инклюзиясини қўллаб-қувватловчи, институционализациянинг олдини олишга ёрдам берадиган, зўравонлик ва шафқатсиз муносабат билан курашга ёрдам берадиган қулай, инклюзив, ҳуқуқларга асосланган ва ёшга мос давлат хизматларини ривожлантириш йўли билан кучли ва уюшган жамиятларни қуриш бўйича илғор тажрибалар билан ўртоқлашдилар.

Тадбир доирасида Зироат Мирзиёева ва Афшан Хан ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан стигма ва дискриминацияга барҳам бериш бўйича умуммиллий кампания бошланишини эълон қилдилар. Улар барчани — ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари, ҳукумат вакиллари, хусусий сектор ва ОАВлар, жамият етакчилари ва таниқли кишиларни ҳеч ким четда қолмаслиги учун ЮНИCЕФ ва «Замин» саъй-ҳаракатларига қўшилишга чақирдилар.

«Тўсиқлар» деб номланган ушбу кампания бир йил давом этади. Унинг мақсади ногиронлиги бўлган шахсларга асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини таъминлашда кўмаклашиш, бунга имкон бермаётган тўсиқлар ҳақида хабардорликни оширишдир. Шунингдек, кампания ногиронлиги бўлган болалар ўзларини ҳимояланган, ҳурматга сазовор деб ҳис қилишлари учун уларга нисбатан муносабатни ўзгартиришга ҳам қаратилган.

Жаҳон болалар куни арафасида Ўзбекистон ҳам болалар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш белгиси сифатида UNICEF`нинг «Дунёни мовий рангга тўлдиргин» глобал акциясига қўшилди.

19 ва 20 ноябрь кунлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Қашқадарё ва бошқа вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги 100 дан ортиқ замонавий ва тарихий бинолар мамлакатимиз ва хориждаги ҳар бир бола учун мовий рангда товланади.