2021 йил январь-октябрь ҳолатига Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 32,6 млрд долларни ташкил этди, дея хабар бермоқда Статистика қўмитаси. Ўтган ўн ойлик даврда 7,8 млрд доллар миқдорида пассив ташқи савдо баланси қайд этилди. Пассив баланс 2020 йилнинг мос даврига нисбатан икки баравардан зиёдроққа ўсди.

Январь-октябрь ҳолатига ташқи савдо таркибида экспорт ва импорт ҳажми қуйидагича:

  • Экспорт — 12,4 млрд:
  • маҳсулотлар — 10,3 млрд (шу жумладан, олтин — 2,4 млрд);
  • хизматлар — 2,1 млрд.
  • Импорт — 20,2 млрд:
  • маҳсулотлар — 18,8 млрд;
  • хизматлар — 1,4 млрд.

Ҳисоб-китобларга кўра, ташқи савдо айланмаси ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 млрд долларга ёки 8,5 фоизга ошди. Бироқ пандемиягача бўлган давр, хусусан 2019 йилдаги кўрсаткичга (34,3 млрд доллар) етиб келганича йўқ. Шунга қарамай, ташқи савдо айланмаси таркибида импорт ҳажми шиддат билан ўсиб бормоқда.

Давлат Статистика қўмитаси маълумотлари асосида «Газета.uz» томонидан ишланган.

Ўн ойда импорт ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 20,5 фоизга, 2019 йилнинг дастлабки ўн ойлик кўрсаткичларига қараганда 1,5 фоизга ўсган. Ташқи савдо умумий ҳажмида импортнинг улуши қарийб 62 фоизни ташкил этмоқда.

Жами экспорт ҳажми эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 93,3 фоизгача қисқарган. Таъкидлаш жоизки, ташқи савдо таркибида олтинсиз экспорт ҳажми (10,1 млрд доллар) ортиб бораётганига қарамай (ўсиш — 33,9 фоиз), ҳали пандемиягача бўлган даврдаги кўрсаткичга (10,3 млрд доллар) етмаган.

Ҳисобот даврига кўра жами экспорт таркибида саноат товарлари — 28,0 фоиз, олтин — 19,0 фоиз ҳамда хизматлар — 16,7 фоиз улуш билан етакчилик қилмоқда. Ўтган ўн ойда 1,8 млрд долларлик тўқимачилик маҳсулотлари, 1,3 млрд долларлик рангли металлар, 0,7 млрд долларлик мева-сабзавотлар, 0,6 млрд долларлик газ ва 0,5 млрд долларлик кийим-кечаклар экспорт қилинган.

Импорт таркибида энг юқори улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (33,4%), саноат товарлари (18,5%) ҳамда кимёвий воситалар ва бошқа тоифаларга киритилмаган шунга ўхшаш маҳсулотлар (14,4%) ҳиссасига тўғри келган.

Январь-октябрь ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлар

Ҳамкор давлатлар
Ташқи савдо айланмаси, млрд доллар
Экспорт, млрд доллар
Импорт, млрд доллар
Хитой
6,08
2,06
4,02
Россия
5,87
1,68
4,19
Қозоғистон
3,16
0,95
2,21
Туркия
2,71
1,36
1,35
Корея Республикаси
1,53
0,04
1,48
Қирғиз Республикаси
0,77
0,64
0,13
Германия
0,62
0,05
0,57
Туркманистон
0,55
0,15
0,40
Украина
0,54
0,17
0,36
Афғонистон
0,52
0,52
0,002

Таъкидлаш жоизки, йирик ҳамкор давлатларнинг аксарияти, жумладан, Хитой, Россия, Қозоғистон, Корея билан ташқи савдо айланмасида импорт ҳажми экспорт ҳажмидан сезиларли даражада юқори.

Мамлакат ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатлари улуши ортиб бормоқда. Хусусан, январь-октябрь ҳолатига ташқи савдо айланмасининг учдан бир қисми ёки 37,8 фоизи МДҲ давлатлари ҳиссасига тўғри келган.

Маълумот учун, январь-сентябрь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 28,2 млрд долларни ташкил этган эди.