2016 — 2020 йиллар ҳамда жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида судлар томонидан кўрилган терроризмни молиялаштиришга оид ишлар умумлаштирилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Маълумотга кўра, ушбу давр мобайнида судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича жами 62 нафари терроризмни молиялаштириш учун судланган. Уларнинг 18 нафари ёки 29 фоизи 18 ёшдан 30 ёшгача, 43 нафари ёки 69,4 фоизи 31 ёшдан 60 ёшгача, 1 нафари ёки 1,6 фоизи 60 ёш ва ундан юқори ёшдаги шахслар ҳисобланади.

Қайд этилишича, судланганларнинг 2 нафари ёки 3,2 фоизи аёллар ҳисобланади. Судланган шахсларнинг 41 нафари ёки 66,1 фоизи жиноий қилмишни террористик ташкилот, уларнинг вакиллари ёки унга алоқадор шахсларга пул маблағларини тақдим этиш ёки уларнинг ҳисоб рақамларига пул кўчириш йўли билан содир этган бўлса, 21 нафари ёки 33,9 фоизи уларнинг молиявий харажатларини қоплаш йўли билан содир этган.

Терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбланиб, судланган шахсларнинг асосий қисми пул ишлаш мақсадида хорижий давлатларга борган шахслар ҳисобланиб, жами 62 нафар шахснинг 43 нафари ёки 69,4 фоизи жиноий қилмишни хорижий давлат ҳудудида содир этган, дейилади хабарда.

Суд амалиётида экстремизмни молиялаштириш билан боғлиқ жиноий қилмишлар Жиноят кодексининг 244−2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан квалификация қилинади.

2016 — 2020 йиллар ҳамда 2021 йилнинг 1-ярми давомида мазкур тоифадаги жиноятларни содир этганлиги учун жами 9 нафар шахс судланган бўлиб, 5 нафари ёки 55,6 фоизини 18 ёшдан 30 ёшгача, 4 нафари ёки 44,4 фоизини 31 ёшдан 60 ёшгача бўлганлар ташкил этган.

Судланганларнинг асосий қисми, яъни 8 нафари ёки 88,9 фоизи жиноий қилмишни хорижий давлат ҳудудида туриб содир этишган.