Ўзбекистонда ҳайдовчиларга транспорт воситасини бошқариш вақтида уяли алоқанинг хавфсиз ва қўлни банд қилмайдиган техник воситалари — қулоқчин ва bluetooth орқали фойдаланишга рухсат берилмоқда. 30 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев тегишли қонунни имзолади. Ўзгаришлар 1 декабрдан кучга кирди.
Янги таҳрирдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−1-моддасига мувофиқ, транспорт бошқаруви вақтида рухсат этилган қурилмалар орқали эмас, балки тўғридан-тўғри телефондан фойдаланиш БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Жарима қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилган ушбу ҳуқуқбузарлик учун санкция моддадан чиқариб ташланган. Аввал бунга БҲМнинг 4 баравари миқдорида жарима ёки 6 ойгача транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси белгиланган эди.
«Газета.uz» мазкур ўзгартишлар август ойида Адлия вазирлиги томонидан таклиф этилгани ҳақида ёзганди. Қонун ташаббускорларининг қайд этишича, ҳозирда деярли барча автомобиллар алоқа қурилмалари билан жиҳозланган ва кўпчилик мамлакатларда бошқарув вақтида bluetooth орқали телефонда мулоқот қилиш мумкин.
Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 18 октябрда, Сенат томонидан эса 19 ноябрда маъқулланган эди.