Тошкент вилоятида 4 та автомобиль ва битта автобус иштирокида йирик ЙТҲ содир бўлди, дея хабар бермоқда ИИВ ЙҲХББ

9 декабрь куни соат 07:30 ларда Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ тумани ҳудудидан ўтган «Тошкент-Олмалиқ» автомобиль йўлининг 36-километрида бир йўналишда олдинма-кетин ҳаракатланиб келаётган Damas, Nexia, Spark ва Nexia-3 русумли автомобиллар ҳамда Isuzu автобуси иштирокида тўқнашув содир бўлган.

Маълумотга кўра, ЙТҲ туманли об-ҳаво шароитида йўлнинг кўриниш масофаси камлиги сабабли юзага келган. Тўқнашув натижасида тан жароҳати олган фуқаролар йўқ.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Юқоричирчиқ тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан ҳодиса жойида суриштирув олиб борилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.