Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани ҳокими Женгис Ермашев Миздакхон мақбараси девори тубидан майит кўмиш учун ер ажратилаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Бу ҳақда «Потребитель.Уз» Telegram-каналида хабар қилинди.

Унинг қайд этишича, мазкур иш тафсилотлари ҳокимият томонидан ўрганилмоқда. Иш устидан асосий назорат нафақат улар, балки бир нечта юқори инстанция тузилмалари томонидан ҳам ўрнатилган.

Ҳоким Женгис Ермашев ўрганишлар натижалари ҳақида хабар қилишга ваъда берган.

Шунингдек, вазиятга Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги ҳам муносабат билдирди. Агентликнинг хабар қилишича, мазкур иш билан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси шуғулланишни бошлаган.

«Туризм ва спорт вазирлиги қошидаги Маданий мерос агентлиги маданий мерос объектлари (археологик ёдгорликлар) ҳудудлари ва уларнинг қўриқланувчи ҳудудлари қабр учун ер участкаси сифатида ажратилиши мумкин эмаслиги, акс ҳолда улар [ер ажратганлар] маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилишидан огоҳлантиради», — дейилади агентлик хабарида.

«Потребитель.Уз» Telegram-каналининг қайд этишича, Миздакхон мажмуасининг асосий қисмига элтадиган зина устига туннел қурилиши билан боғлиқ вазият ҳам ижобий ҳал этилиши керак.

«Маҳаллий аҳолининг айтишича, ёпиқ коридор барпо этилмоқда. Уларнинг фикрича, бу сайёҳлар фотосуратга тушмаслиги учун қилинмоқда», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистонда X асрга мансуб Миздакхон мақбараси деворининг шундоқ тагидан ерларни майит кўмиш учун сотиш бошлангани хабар қилинган эди. Уч йил муқаддам ушбу ҳудуддаги Шамун Наби мақбараси бузиб ташланган, ўрнига янги бино барпо этилганди.