Ноябрда Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Зойир Мирзаев вилоятнинг олдинги ҳокими Даврон Ҳидоятов томонидан қабул қилинган — Нурафшон шаҳрида Зулфия Закирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ҳамда Nurafshon Business City ҳудудида замонавий кутубхона биносини қуриш тўғрисидаги қарорни бекор қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

«Газета.uz» мазкур лойиҳага вилоят маҳаллий бюджетининг жорий йил III чорак якунида шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан жами 34,4 млрд сўм (Марказий банкнинг 8 ноябрдаги курси бўйича 3,2 млн АҚШ долларидан ортиқ) маблағлар йўналтирилгани ҳақида ёзганди. Лойиҳа Қаршида рўйхатдан ўтган Qashqadaryo Maks Servis Qurilish хусусий корхонаси томонидан амалга оширилиши кўзда тутилганди.

11 декабрь куни Зойир Мирзаев томонидан имзоланган фармойишга кўра, ушбу лойиҳага ажратилган маблағлар вилоят маҳаллий бюджетига қайтарилди. Шундан вилоятдаги ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг уй-жойларини таъмирлаш учун вилоят «Саховат ва кўмак» жамғармасига ўтказиб бериш мақсадида вилоят ҳокимлигига 1,65 млрд сўм маблағ ажратилди.