Президентнинг 10 декабрдаги «Гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда Norma.
Ҳужжатда республикада гидроэнергетикани янада ривожлантириш ҳамда мавжуд гидросалоҳиятдан унумли фойдаланишнинг қуйидаги асосий йўналишлари белгиланди:
- электр энергетика соҳасида экологик тоза энергия манбаларидан кенг фойдаланиш ҳисобига изчил янги қувватлар ташкил этишни жадаллаштириш ҳамда амалдаги ишлаб чиқариш қувватларини босқичма-босқич модернизация қилиш орқали 2030 йилда республикадаги гидроэлектр станциялари қувватини 3416 МВтга етказиш;
- хусусий сектор ва аҳолини табиий сув оқимларидан фойдаланган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш учун кенг жалб этиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ягона электр энергетикаси тизимига кафолатли уланишини таъминлаш, ишлаб чиқилган электр энергиясини кафолатли харид қилиш тизимини яратиш.
2021−2030 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди, унга қуйидагилар киритилган:
- 2021−2030 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш ва гидросалоҳиятдан фойдаланиш даражасини оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
қуйидаги рўйхатлар:
- Ўзбекистон Республикасининг 2021−2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига киритилган ва 2022−2026 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг рўйхати;
- 2024−2030 йилларда мавжуд гидросалоҳиятдан фойдаланиш даражасини ошириш, гидроэлектр станциялари янги қувватларини яратиш ва мавжудларини модернизация қилишга қаратилган инвестиция лойиҳалари рўйхати;
- хусусий сектор иштирокида кичик гидроэлектр станцияларини қуриш таклиф этилаётган лойиҳалар рўйхати;
- 2022−2025 йилларда кооперация асосида маҳаллийлаштириш учун таклиф этилаётган кичик гидроэлектр станцияларини қуриш ва улардан фойдаланиш учун зарур асбоб-ускуналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар рўйхати.
Кафолатланган тарзда давлат томонидан электр энергиясини харид қилувчи ваколати берилган орган:
а) 2022 йил 1 январдан бошлаб ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда электр энергиясини:
- сув оқими бўйича ишлайдиган гидроэлектр станцияларида — II тариф гуруҳи истеъмолчилари учун белгиланган тарифга нисбатан 70% миқдорда;
- электр энергетика тизимининг режимига боғлиқ ҳолда диспетчер томонидан тартибга солинадиган, ростловчи гидроэлектр станцияларида — II тариф гуруҳи истеъмолчилари учун белгиланган тарифга нисбатан 100% миқдорда;
- гидротўплаш электр станцияларида — II тариф гуруҳи истеъмолчилари учун белгиланган тарифга нисбатан 150% миқдорда;
б) электр энергиясини янги ишга тушириладиган қуёш, шамол, биогаз электр станцияларидан (саноат кўламидаги 1 МВт ёки ундан ортиқ қувватлар бундан мустасно), қуввати 5 МВт гача бўлган гидроэлектр станцияларидан ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилгандан ортиқча электр энергиясини — II тариф гуруҳи истеъмолчилари учун белгиланган тарифга нисбатан 80% миқдорда сотиб олади.
Хусусий инвесторлар (ташаббускорлар) қуввати 1 МВт гача бўлган қуёш, шамол, биогаз ҳамда қуввати 5 МВт гача бўлган гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини юридик ва жисмоний шахсларга ягона электр энергетика тизимига уланмаган ҳолда, тўғридан-тўғри етказиб бериш ҳуқуқига эга. Локал тармоқ қуриш шартнома асосида ўзаро келишилган нархларда амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10 декабрдан кучга кирди.