Монополияга қарши курашиш қўмитаси «Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти йўналишларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Ҳужжат билан хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, норасмий валюта операциялари вужудга келишини олдини олиш, шунингдек, хизматларни узлуксиз равишда (24/7 режимда) кўрсатиш имконини яратиш мақсадида хусусий тадбиркорларга валюта айирбошлаш хизматларини кўрсатишга рухсат бериш кўзда тутилмоқда. Тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш муддати этиб 2022 йил белгиланган.

Ноябрь охирларида депутат Расул Кушербаев Марказий банкни дам олиш кунлари валюта айирбошлаш шохобчалари ишламаслиги туфайли одамларни валютани «қора бозорда» алмаштиришга мажбур қилаётганликда айблаганди. Депутат гувоҳлар иштирокида 50 долларни кўчада алмаштирган. «Ҳар қандай вазиятда ҳам фуқаролар ҳуқуқбузарлик қилмасликлари учун уларни шуни қилишга мажбур қилувчи барча сабаблар бартараф этилиши шарт», — дея таъкидлаганди у.

Хусусий валюта айирбошловчилар масаласи 2019 йилнинг октябрь ойида Сенатда ҳам кўтарилганди. Ўшанда Марказий банк бу тажриба айрим давлатларда ўзини оқламаганини таъкидлаганди.

2021 йилнинг январида Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Хамраев регулятор Ўзбекистонда хусусий валюта айирбошлаш шохобчаларига лицензия бериш масаласини кўриб чиқмаётганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча аҳоли талабини қондириш учун банкларнинг айирбошлаш шохобчалари етарли.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 31 декабрга қадар давом этади.