Монополияга қарши курашиш қўмитаси «Тошкент ЭТК» АЖ томонидан DSS компаниясига ҳисобланган 1,75 млрд сўм миқдоридаги қарзни асоссиз деб топди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, электр таъминоти корхонаси томонидан ушбу МЧЖга электр тармоғига уланишга рухсат берилган, аммо орадан 4 ой ўтишига қарамай, трансформатор ва электр энергиясини ҳисобга олиш ускунаси пломбаланмаган ҳамда рўйхатга олинмаганлиги туфайли 1,75 млрд сўм қарздорлик ҳисобланган.

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари талабларига мувофиқ, электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини ўрнатиш, рўйхатга олиш ва пломбалаш ишлари электр тармоқлари корхонасининг ҳудудий тузилмалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Бироқ электр тармоқлари корхонаси зиммасига юклатилган вазифасини бажармайди ва тадбиркорга асоссиз равишда қарздорлик ҳисоблайди.

Мазкур иш бўйича электр тармоқ корхонасининг шикояти суд томонидан кўриб чиқилиб, рад қилинган ва қўмитанинг қарори ўз кучида қолдирилган ҳамда тадбиркорнинг манфаатлари ҳимоя қилингани айтилди.

Қўмита маълумотларига кўра, 2021 йилнинг ўтган даврида қўмита томонидан тадбиркорларнинг 44 мингга яқин мурожаати кўриб чиқилиб, 162,14 млрд сўмга яқин маблағ уларнинг фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.