25 декабрь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси томонидан ўзбек футболининг йил якунига бағишланган «Uz Football Awards-2021» тақдирлаш маросими ўтказилди.

Унда йилнинг энг яхши футболчилари, мураббийлари, шунингдек, футзалчилари номи аниқланди. «Газета.uz» мухбири тақдирлаш маросимидан репортаж тайёрлади.

«Йилнинг энг яхши футболчиси» номинациясига Ҳусаин Норчаев, Жалолиддин Машарипов ва Элдор Шомуродовларнинг номзоди қўйилган эди.

Элдор Шомуродов ва Абдусалом Азизов. Фото: Муштарий Оқбоева / «Газета.uz».

Журналистлар ўртасида ўтказилган сўровномага кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва «Рома» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов «Йилнинг энг яхши футболчиси» деб эътироф этилди. Совринни ДХХ раиси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов топширди.

У журналистлар билан суҳбатда бундан кейинги режалари «Рома» сафида қолиб, ўзини кўрсатиш эканлигини маълум қилди. У клуб билан 5 йиллик шартномаси борлигини, ҳозирча бошқа клубга ўтиш нияти йўқлигини айтди.

«Рома»да ғалабалар қандай нишонланади, «чойхона"лар бўлмайдими? деган саволга Шомуродов кулиб қўйиб, Римда чойхоналар бўлмаслигини, ҳар 3 кунда ўйин экани ва шу туфайли бунга бўш вақт йўқлигини айтди. «Бу вақтда биз кейинги ўйинга тайёргарлик кўрамиз», — дея таъкидлади «Рома» ҳужумчиси.

«Йилнинг энг яхши футзалчиси» совиринига футзал бўйича Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилаётган — Даврон Чориев, Ҳусниддин Нишонов ва Дилшод Раҳматовлар даъвогарлик қилаётган эди.

Дилшод Раҳматов. Фото: ЎФА.

Мазкур номинацияда совринга Ўзбекистон футзал терма жамоаси ва «Ҳуахин-Жиззах» клуби футзалчиси Дилшод Раҳматов муносиб деб топилди.

У ўз интервьюсида ушбу совринни қўлга киритганидан мамнун эканини айтиб, 2022 йилдаги Осиё чемпионатига кучли тайёргарлик кўраётганини маълум қилди. «Эрон футзал терма жамоасига энди ютиш осон бўлмайди», — дея қўшимча қилди у.

Дилдора Нозимова. Фото: ЎФА.

Аёллар орасида «Йилнинг энг яхши аёл футболчиси» эса Дилдора Нозимова бўлди. У «Бунёдкор» аёллар жамоаси аъзоси ҳисобланади.

Дилдора Нозимова «Газета.uz»га берган интервьюсида бу соврин унга Осиё ЧЛ доирасида Иорданиянинг «Амман» клуби билан бўлиб ўтган учрашувда ҳал қилувчи голи учун берилган ютуқ деб ҳисоблашини айтди.

Фото: ЎФА.

«Cоcа-Cola Суперлига-2021 йил футболчиси» ҳамда «Йилнинг энг яхши ёш футболчиси» Ҳусаин Норчаев деб эътироф этилди.


Диёра Хабибуллаева. Фото: ЎФА.

Аёллар футболи бўйича «Олий Лиганинг энг яхши футболчиси» номинацияси соврин Ўзбекистон терма жамоаси ва «Soʻgʻdiyona-W» жамоаси аъзоси, чемпионат тўпурари Диёра Хабибуллаевага насиб этди. У «Soʻgʻdiyona-W» сафида 19 учрашувда майдонга тушган ва 32 та гол уришга муваффақ бўлган.

Шунингдек, «Ўзбек футболи нуронийси» номинацияси бўйича ғолиб Ахбор Имомхўжаев деб топилди. Ахбор Имомхўжаев 1936 йил 19 февралда Тошкентда туғилган. У «Пахтакор» стадионидан илк бор ўзбек тилидаги репортажни жонли эфирга олиб чиққан. Ахбор Имомхўжаевнинг бетоблиги сабаб мазкур совринни унинг тўнғич ўғли Аброр Имомхўжаев қабул қилди. Маълумот ўрнида, Ахбор Имомхўжаев Профессионал футбол Лигаси (ПФЛ) бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаевнинг бобоси ҳисобланади.

«Йилнинг энг яхши футзал мураббийи» соврини эса Баҳодир Аҳмедовга насиб этди. У Ўзбекистон футзал терма жамоаси ва «Ҳуахин-Жиззах» клубининг бош мураббийи ҳисобланади. Унинг мураббийлигида Ўзбекистон футзал терма жамоаси тарихда илк бор Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичидан чиқа олган.

Бундан ташқари, Аёллар футболи бўйича «Олий Лиганинг энг яхши мураббийи» Шерали Бобоқулов бўлди. У «Сўғдиёна-В» жамоаси билан биргаликда Олий Лига олтин медали ва Ўзбекистон кубоги соҳибига айланган.

«Про Лиганинг энг яхши футболчиси» номинациясида соврин «Нефтчи» клуби аъзоси Марко Обрадовичга насиб этди.

Шунингдек, 2021 йилда Осиё чемпионлар лигаси, Жаҳон чемпионати саралашининг энг муҳим учрашувлари, Саудия Арабистони ва Кувайт чемпионатлари баҳсларида ишлаган ҳакам — Илгиз Танташев «Йил ҳаками» совринини қўлга киритди.

Бундан ташқари, тақдирлаш маросимида «Coca-Cola Суперлига-2021» бўйича ҳам муносиблар тақдирланди. Хусусан, «Соса-Сола Суперлигасининг 2021-мавсумдаги тўпурари» «Пахтакор» клуби аъзоси — Драган Черан бўлди. Бироқ, у ҳозир Ўзбекистонда бўлмагани туфайли совринни клуб аъзолари қабул қилишди.

Шунингдек, «Соса-Сола Суперлигасининг 2021-мавсумдаги энг яхши мураббийи» соврини Питер Хюистрага топширилди.

«Ўзбекистоннинг энг яхши аёллар мураббийи» — Илҳом Ҳанжариев деб топилди.

«Йилнинг энг яхши мураббийи» сифатида журналистлар ўртасида ўтказилган сўровномага кўра, «Насаф» клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиев совринга муносиб деб кўрилди.

Бундан ташқари, бир қанча фахрий совринлар соҳиблари номи ҳам маълум қилинди:

  • «Футбол ривожи учун» соврини — Хайрулла Бозоров;
  • «Фидойилик рамзи» соврини — Садри Носиров;
  • «Жасорат» соврини — Ўзбекистон кар-соқовлар терма жамоаси бош мураббийи Муроджон Аҳмедов;
  • «Энг яхши журналист» — Фахриддин Рўзиев;
  • «Энг яхши ҳудудий футбол ассоциация» — Қорақалпоғистон футбол ассоциацияси;
  • «Мухлислар меҳри» соврини — «Андижон» фан-клубига насиб этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Одил Аҳмедов Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти этиб сайлангани ҳақида маълум қилинганди.

У ҳам журналистларга берган интервьюсида йилнинг энг яхши футболчиси сифатида Элдор Шомуродов ҳамда Жалолиддин Машариповни ҳисоблашини айтиб ўтди. Шунингдек, эндиги янги фаолиятида ўз тажрибасини ёшлар билан ўртоқлашишини маълум қилди.