Декабрь охирида Хоразм вилоят судининг ЖИБ судлов ҳайъатида «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ собиқ бош директори Муратбай Базаримбетов ва жамият бўлимининг собиқ бошлиғи К.Б.ларга нисбатан Хива шаҳар судининг 9 июлдаги ҳукми юзасидан берилган апелляция шикояти кўриб чиқилди.

Хоразм вилоят судининг ЖИБ судлов ҳайъати биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгаршисиз қолдириш, апелляция шикоятларини қаноатлантирмаслик тўғрисида ажрим чиқарди.

Ҳукмга кўра Муратбай Базаримбетовга ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми «а» банди билан 45-модда қўлланиб, 3 йил давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда моддий жавобгар шахс ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, 57-модда қўлланилиб, 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Унга жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Унинг шериги К.Б.га эса ЖКнинг 28 ва 210-моддаси 3-қисми «а» банди билан 45-модда қўлланиб, 2 йил давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда моддий жавобгар шахс ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, 57-модда қўлланилиб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Унга ҳам жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Суд ҳужжатларига кўра, судланувчилар олдиндан жиноий тил бириктириб, гуруҳ бўлиб, Тупроққалъа тумани, «Соримой» посёлкасида янгидан ташкил қилинаётган «B.A.M.» МЧЖга қарашли автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаси учун ўрнатиладиган трансформатор пунктини 6−10 КВтлик электр линиясига яқин таянчдан улаб бериш бўйича мурожаат қилганлигидан фойдаланишган.

К.Б. тадбиркорнинг ушбу мурожаати натижаси тўғрисида сўраган З.А.га ишини ижобий ҳал қилиб беришини айтиб, бунинг эвазига тадбиркордан 15 минг АҚШ доллари олиб беришини айтган.

К.Б. Хонқа туман ҳудудида З.А.дан «Nexia 3» русумли автомашинаси салонида 15 минг долларни Муратбай Базаримбетовга пора тариқасида олиб бориб бериш учун олганида ушланган ва пора олиш жиноятини содир қилишда иштирокчилик қилган.

Давом эттирилган тадбир натижасида Муратбай Базаримбетов ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда К.Б.дан 15 минг долларни олганида қўлга тушган.

Тарафлар апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан Олий суд ЖИБ судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят, протест билдириши мумкин.

Аввалроқ, «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бош директори Муродбой Базаримбетов 15 минг доллар пора олганликда гумонланиб, қўлга олингани ҳақида ёзган эдик.

Эслатиб ўтамиз, Муратбай Базаримбетов «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари»ни 2019 йилдан бери бошқариб келаётган эди.