Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатларининг кунлик кўрсаткичи кескин ошди. Бу ССВ эълон қилган хабарда акс этган.

Январь ойидан бери вирусга чалинганлар сони 100 нафарга ҳам етмаётган эди, жумладан, 1 январда — 88, 2 январда — 64, 3 январда — 89, 4 январда — 90 та ҳолат қайд этилган.

Бу кўрсаткич 5 январга келиб ортди — коронавирус 146 кишида аниқланган. 6 январда эса касалланишлар сони кескин ошди ва 251 кишида вирус аниқланиб, уч киши вафот этди.

COVID-19 бўйича ўлим 9 кундан бери қайд этилмаётган эди. 6 январь ҳолатига — 1488 нафарга етди.

Янги касалланиш ҳолатларининг энг кўпи Тошкент шаҳри (120) ва вилоятида (47) ҳамда Самарқандда (36) кузатилган.

Яқин кунлар ичида нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда энг кўп вирус юқтириш ҳолатлари қайд этилди. 5 январь куни 2,6 миллиондан ортиқ дунё аҳолисида COVID-19 инфекцияси аниқланган. Бу ер юзида коронавирус пандемияси бошланганидан буён кузатилган мутлақ рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Бунда 885 мингдан ортиқ ҳолат АҚШ дан кузатилган. Бу рекорд кўрсаткичнинг 35 фоизини ташкил қилмоқда.

Ҳозирда дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони 300 млн дан ошиб кетди. 5,5 млнга яқин одам вафот этди.