10 январь куни Ўзбекистонга 500 400 доза Moderna вакцинаси COVAX платформаси орқали олиб келинди. Бу ҳақда UNICEF`нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қайд этишича, бу 2022 йил ҳисобидан келтирилган илк вакциналар ҳисобланади.

Фото: UNICEF

Ҳозирда COVAX дастури бўйича етказилган дозаларнинг умумий сони 9,5 миллиондан ошди. COVAX — ЖССТ, GAVI, CEPIvaccines ва UNICEF`ни бирлаштирган глобал ташаббус ҳисобланади.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда фойдаланилаётган вакциналар миқдори 49,5 млн дозадан кўпроқни ташкил қилмоқда. Эмлаш жараёнларида 40 миллиондан ортиқ дозадан фойдаланилган.

Ўзбекистонга олиб келинган вакциналар бўйича статистика қуйидагича:

  • 2 404 480 доза — AstraZeneca;
  • 37 789 938 доза — ZF-UZ-VAC2001;
  • 1 341 790 доза — «Sputnik V»;
  • 3 500 460 доза — Moderna;
  • 2 316 600 доза — Pfizer/BioNTech;
  • 1 976 000 доза — Sinovac;
  • 207 500 доза — Sputnik Light.

Эслатиб ўтамиз, ССВ 7 январь куни Ўзбекистонга кириб келган чет эл фуқаросида коронавируснинг «омикрон» штамми аниқланганини маълум қилди. 9 январь ҳолатига COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари рекорд даражада қайд этилиб (389 та ҳолат), умумий касалланишлар сони 200 мингдан ошди.