10 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
«Давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликнинг жорий масалалари ва бўлажак қўшма тадбирлар юзасидан фикр алмашдилар. Президент Тоқаев Қозоғистон Республикасидаги жорий ҳолат ҳамда мамлакатда вазиятни барқарорлаштириш бўйича ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди», — дейилади хабарда.
Ўзбекистон етакчиси ҳалок бўлганларнинг оилаларига яна бир бор ҳамдардлик билдириб, жабрланганлар тезда шифо топишларини тилади.
Томонлар биродар Қозоғистон заминида тинчлик ва барқарорлик тез фурсатда қайта тикланишига ишонч билдирдилар.
Бунга қадар икки давлат раҳбарлари 6 январь куни — Қозоғистонда газ нархларининг ошишига қарши норозилик намойишлари тартибсизликларга айланиб кетганидан сўнг телефон орқали мулоқот қилган эдилар.
10 январь Қозоғистонда тартибсизликлар чоғида ҳалок бўлганлар учун умуммиллий мотам куни деб эълон қилинди.