ДХХ Фарғона вилоятида ИШИД халқаро террорчилик ташкилоти аъзолари сафига қўшилмоқчи бўлган шахсни қўлга олди.

Таъкидланишича, вилоятнинг Учкўприк туманида яшовчи, 2003 йилда туғилган «У.М.» Интернет тармоғи орқали ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган. Натижада Суриядаги «Ислом давлати» халқаро террористик ташкилоти аъзолари сафига қўшилиш мақсадида 2021 йилнинг апрелида Туркияга борган. Лекин, у ердан Сурия ҳудудига ўта олмагач, сентябрь ойида доимий яшаш манзилига қайтиб келган.

Сўнгра, Қўқон шаҳри ва Учкўприк туманида истиқомат қилувчи яқин алоқаларидан иборат яширин «жамоат» тузиб, улар орасида «Ислом давлати» террористик ташкилоти ғояларини тарғиб қила бошлагани айтилмоқда.

«Аниқланишича, мазкур шахс ўзининг уяли телефон аппарати орқали ижтимоий тармоқлардаги ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган аудио ва видео материалларни тинглаб, томоша қилиб, уларнинг таъсирида «жамоат» аъзолари орасида «жиҳод» ҳамда «шаҳид"ликка чорловчи аудиосуҳбатлар олиб боради», — дейилади хабарда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига кўра, «У.М.»нинг уяли телефон аппарати хотирасидаги маълумотлар ўзининг моҳияти ва мазмуни, уларда илгари сурилган ғоялар жиҳатидан Ўзбекистонда жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материаллар сирасига кириши, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги аниқланган.

Таъкидланишича, ушбу маълумотларни Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланади.

Ҳозирда «У.М.» ва унинг алоқаларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмокда.