Ташкилотлардаги эмланмаган ходимлар 15 январдан бошлаб масофадан ишлашга юборилади, дея маълум қилди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари — Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимов 10 январь бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Унда «15 январга қадар барча компаниялар мажбурий эмлаш ҳақида хабардор қилинади. Ташкилотлардаги эмланмаган ходимлар масофадан ишлашга юборилади. Келгуси беш кун ичида ишчилари биринчи вакцина оладиган муассасалар аввалгидек ишлашда давом этишлари мумкин», — деди Анвар Алимов.
Шунингдек, у соғлиғи сабабли эмланиши мумкин бўлмаганлар масофадан ишлашга мажбур бўлишларини қўшимча қилди. Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев бунда ҳеч қандай жазо чоралари қўлланилмаслигини айтди.
«Бугунги кунда 78-протокол асосида қўлланилган жарималар энди кучга эга эмас. Яқин келажакда фақат хабарнома кампаниясини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қонунчилик даражасида жазо чоралари йўқ. Бизнинг асосий вазифамиз — ҳар бир фуқаронинг тинчлиги ва фаровонлигини сақлашга кўмаклашишдир. Биз бундай даврда бизнесни янада мураккаблаштиришга интилмаймиз», — деди у.
Аввалроқ, Ўзбекистонда эмланишдан бош тортган 26 мингдан ортиқ ходим ишдан четлатилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Меҳнат кодексининг 113-моддасига ходим карантинли ва юқумли касалликлар таҳдиди бўлганда бош давлат санитария врачи қарори асосида профилактик эмлашдан ўтишни рад этса (қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда), иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлигига оид кўшимча киритилганди.