12 январь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда Стратегик ривожланиш агентлигининг фаолияти сарҳисоб қилиниб, 2022 йилга мўлжалланган режалари ҳақида ахборот берилди.
Қайд этилишича, бугунги кунда Агентлик бошқармалари шакллантирилган, уларга етакчи хорижий университетларда ўқиган, ташаббускор ва билимли мутахассислар жамланган.
Агентликнинг бу йилги режасидан 18 та муҳим тадбир ўрин олган. Инвестиция лойиҳаларини илгари суришнинг янги механизмини жорий этиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш орқали инвестиция муҳитини яхшилаш, инвестиция муҳити бўйича ҳудудлар рейтингини йўлга қўйиш, тадбиркорларнинг тизимли муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш бўйича онлайн платформани ишга тушириш, Жаҳон банки билан биргаликда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш шулар жумласидандир.
«Бу Агентлик инвестиция ҳажмини кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини оширишга замин яратади. Шу боис, ҳудуд ва тармоқларни стратегик ривожлантириш бўйича „йўл харитаси“ ишлаб чиқиш, бунга хориждан малакали мутахассис ва маслаҳатчиларни ҳам жалб қилиш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилиш давомида Стратегик ривожлантириш бўйича методология яратиб, уни ҳар бир ҳудуд ва тармоқда жорий қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 19 июль куни президент фармони билан тармоқлар ва ҳудудлар кесимида инвестицияларни жалб этиш ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини ўрганувчи Стратегик ривожланиш агентлиги ташкил этилганди.
Маълумот ўрнида, 2021 йилнинг август ойида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Кудратов зиммасига Стратегик ривожланиш агентлиги бош директори вазифасини бажариш юклатилганди.