Пандемия туфайли тўхтаб қолган Ўзбекистондан Тожикистонга автобус қатновлари қайта тикланиши мумкин. 12 январь куни Ўзбекистон Транспорт вазирлигида Халқаро автомобиль ташувлари масалалари бўйича ўзбек-тожик қўшма комиссиясининг йиғилишида бу ҳақда сўз борган.

Унда Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари А.Мўминов ҳамда Тожикистон транспорт вазири ўринбосари Ш. Саидмуродзода икки мамлакат ўртасида халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.

«Йиғилишда томонлар коронавирус пандемияси сабаб ҳозирда тўхтаб қолган автобус қатновларини қайта тиклаш билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, томонлар «Ўзбекистон — Тожикистон — Хитой» транспорт коридорини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Ўзбекистон транспорт вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматовнинг сўзларига кўра, «айни вақт фақат Тошкент-Хўжанд ўртасида автобус қатновлари амалга оширилмоқда».

Шунингдек, томонлар халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик ҳолати ҳақидаги ахборот билан бўлишиб, бу соҳада имзоланган келишувларнинг амалга оширилиши қандай бораётганини муҳокама қилган.

Сурхондарё ва Самарқанддан Тожикистонга автобус қатнови 2018 йилда йўлга қўйиган эди.