Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент — Минск рейсини амалга ошираётган самолёти Минск миллий аэропортида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетди.
Аэропорт матбуот хизмати хабарига кўра, ҳодиса тахминан соат 11:45 да кучли қор ёғиши ва бўрон пайтида содир бўлган.
А320 самолёти муваффақиятли қўнди, бироқ бошқарув пайтида самолёт учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетди, дейилади хабарда.
Самолёт бортида 115 нафар йўловчи бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ. Ҳодиса оқибатида самолётга зарар етмаган.
Ҳозирда воқеа жойида тез ёрдам хизмати ишламоқда.