FIFA 2021 йил якуни бўйича The Best турли номинацияларида ғолибларни эълон қилди.
Унда йилнинг энг яхши футболчиси совринига Польша терма жамоаси ва «Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовски муносиб деб топилди. У ушбу соврин учун курашда Лиолнель Месси ва Муҳаммад Салаҳни ортда қолдирди.
Фото: twitter.com/lewy_official
2021 йилда польшалик футболчи 69 та гол урган ва 13 та голли узатма берган. Маълумот учун, Левандовски 2020 йилда ҳам The Best совринига лойиқ кўрилган эди.
Бундан ташқари, маросимда Португалия терма жамоаси сардори ва «Манчестер Юнайтед» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду халқаро футболда барча вақтлардаги энг яхши тўпурарга айлангани учун FIFA`нинг махсус соврини билан тақдирланди.
Роналду Португалия терма жамоаси сафида 184 та ўйин ўтказиб, 115 та гол урган.
Аёл-футболчилар орасида Испания терма жамоаси ва «Барселона» ўйинчиси Алексия Путельяс 2021 йилнинг энг яхши футболчиси бўлди. Путельяс олдинроқ «Олтин тўп» совринига ҳам эга чиққан эди.
«Челси» ва Сенегал терма жамоаси дарвозабони Эдуард Менди 2021 йилнинг энг яхши дарвозабони деб топилди. У 2021 йилда 50 та ўйиндан 29 тасида гол ўтказмаган.
«Челси» мураббийи, германиялик мутахассис Томас Тухель FIFA талқинига кўра, 2021 йилнинг энг яхши мураббийи деб эълон қилинди. У ўз жамоаси билан Чемпионлар лигаси ва УЕФА Суперкубогига эга чиқди, УЕФАнинг 2021 йилги энг яхши мураббийи бўлди.
Бундан ташқари, маросим давомида FIFA бошқа номинацияларда ҳам ғолибларни эълон қилди.
Евро-2020 чемпионати ўйинларида Дания терма жамоаси ўйинчиси Кристиан Эриксеннинг ҳаётини сақлаб қолган терма жамоа штаби ва тиббиёт ходимлари бригадаси Fair Play совринини қўлга киритди.
FIFA 2021 йилнинг энг чиройли голи муаллифи сифатида Тоттенхэмнинг аргентиналик Эрик Ламела эътироф этди. Ференц Пушкаш номидаги соврин соҳиби ўз голини Англия Премьер лигаси доирасидаги ўйинларда «Арсенал» дарвозасига «раббона» усулида урган эди.
Бундан ташқари, FIFA 2021 йилнинг рамзий терма жамоасини ҳам эълон қилди.
- Дарвозабон: Жанлуижи Доннарумма (Италия);
- Ҳимоячилар: Леонардо Бонуччи (Италия), Рубен Диаш (Португалия), Давид Алаба (Австрия);
- Ярим ҳимоячилар: Жоржиньо (Италия), Кевин де Брюйне (Бельгия), Нголо Канте (Франция);
- Ҳужумчилар: Роберт Левандовски (Польша), Криштиану Роналду (Португалия), Эрлинг Холанд (Норвегия), Лионель Месси (Аргентина).