Президент 26 январь куни «Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [103-сон] қарорга имзо чекди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.
Қарорга асосан эҳтиёжманд аҳоли қатламлари зарур дори воситалари билан бепул таъминланади.
2022 йилдан бошлаб:
- йилига бир марта 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган аҳолининг саломатлик профили (овқатланиш характери, тамакига қарамлик, тана вазни индекси, артериал босим, қондаги қанд ва холестерин даражаси ва бошқалар) баҳоланади;
- 40 ёшдан ошганлар йилига камида бир марта скрининг текширувларидан ўтказилади;
- юрак-қон томир касалликлари аниқланганларнинг ягона электрон реестри юритилади ва реестрдаги 200 мингдан зиёд аҳолига эналаприл (Enalapril) дори воситаси бепул берилади;
- эҳтиёжга кўра туман (шаҳар) шифохоналари коагулометр ускунаси ва зарур реактивлар билан таъминланади.
2023 йил 1 январгача юрак-қон томир касалликлари хавф-стратификациясини баҳолаш учун мобил илова яратилади.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиалларида кардиология йўналишида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари босқичма-босқич 15 турдан 35 тургача оширилади.
Шунингдек, қарор билан 2023 йил 1 январга қадар Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази (Марказ) клиникасини кўп тармоқли клиника сифатида трансформация қилиш ва зарур бўлган замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш чоралари кўрилади.
Бунда:
- 2023 йил 1 январга қадар Марказда юрак-қон томир касалликлари илмий тадқиқотлар лабораториялари ташкил этилади;
- 2022 йил 1 февралга қадар Марказнинг юрак қон-томир касалликлари илмий тадқиқотлар лабораторияларини замонавий тиббий ускуналар билан таъминлаш учун халқаро молия ташкилотлари ҳамда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 5 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағларни йўналтирилади;
- превентив кардиология, нур ёрдамида диагностика ва бошқа йўналишларда янги илмий тадқиқотлар учун замонавий лабораториялар ташкил этилсин ҳамда Марказда 15 дан зиёд юқори технологик амалиётларнинг йўлга қўйилиши таъминланади;
- 2022 йил якунига қадар, кейинчалик эса ҳар йили Германия, Россия ва бошқа давлатларнинг нуфузли тиббиёт муассасаларида 30 нафардан кардиолог мутахассисларнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ҳисобидан малакаси оширилади.
Бундан ташқари, 2023 йил якунига қадар Марказнинг барча ҳудудий филиалларида телемедицина ва телеметрия марказларини ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 9 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселекторда юрак-қон томир касалликларини даволаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинишини маълум қилинганди.