Президентнинг 26 январдаги «Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [103-сон] қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2022 йилда «Соғлом турмуш тарзи» платформасидан фойдаланувчиларни рағбатлантириш, уларнинг сонини янада ошириш ҳамда бу борада олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида Давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилади.

Туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари лабораторияларини эҳтиёжга қараб коагулометр ускунаси ва зарур реактивлар билан таъминлаш ҳамда «Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи» хоналарини ташкил этиш учун ҳар бир туман (шаҳар) бюджетларидан 350 миллион сўмгача маблағ ажратиш кўзда тутилади.

Қолаверса, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида 4 турдаги кардиология ускуналари мавжудлиги юзасидан хатлов ўтказиш ҳамда зарур бўлган жиҳозларнинг хариди учун республика бюджетидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига марказлашган тартибда ажратиладиган маблағлар ҳисобидан 60 миллиард сўмгача бўлган миқдорда маблағ юналтирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари Туризм ва спорт вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда ҳар йил якунида замонавий фитнес учун шароитга эга кўчаларни барпо этиш мақсадида намунали маҳаллалар рўйхатини шакллантириб боради.

Шунингдек, ҳар йили туман ва шаҳарларда замонавий фитнес учун шароитга эга кўчалари мавжуд бўлган биттадан намунали маҳаллаларни ташкил қилади.

Маълумот учун, 16 январдан бошлаб кунига 10 минг қадам юрганларга 3 минг сўм бериш тўхтатилди. Бунинг ўрнига 1hls.uz платформаси фойдаланувчиларини рағбатлантириш учун ҳар ҳафта битта 100 млн сўм миқдорида пул мукофоти ва мингта велосипед ўйналади.

Ғолиблар ҳар ҳафта «Sport» телеканалида жонли эфирда тасодифий танлаб олиш механизми орқали аниқланади.