Жума куни Тошкент ҳайвонот боғида айиқ вольерига онаси ташлаб юборган қизалоқнинг аҳволи қониқарли, деб хабар берди ССВ.

Аввалроқ ёзганимиздек, воқеа кеча соат 12:00 лар атрофида содир бўлган. Аёл ўзининг 3 ёшли қизчасини боғ меҳмонлари кўз ўнгида тўсиқ ортидан айиқнинг қафасига ташлаб юборган. Кавказлик Зузу лақабли айиқ қизга яқинлашиб, ҳидлаб кўриб, сўнг ортига қайтган. Боғ ишчилари айиқни ички хонага чақириб олишга муваффақ бўлишган.

Қизалоққа дастлаб ҳайвонот боғи ҳамшираси биринчи ёрдам кўрсатган. Шундан сўнг, тез ёрдам машинасида соат 13:30 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.

Қизча шифохонада барча зарур тиббий кўриклардан зудлик билан ўтказилган. У енгил шок ҳолатида бўлган, баландликдан йиқилиш оқибатида очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши кузатилган. Ҳозирда унинг аҳволи яхши, тиббиёт ходимлари назоратида.