2 февраль куни президент раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

2021 йил ноябрда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси эълон қилиниб, 200 млн туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган эди. Кузда 85 млн дона кўчат ўтқазилди. Кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда жонбозлик кўрсатди. Бу йил баҳор мавсумида 125 млн дона дарахт кўчатларини экиш мўлжалланмоқда.

«„Яшил макон“ умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчатини экишни мақсад қилганмиз. Бу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳавас билан қилиш керак», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда экологик муҳитни яхшилашни хоҳлаган ҳар бир хонадон ва ташкилотларни ҳар йили дарахт экишга чақирди.

«Агар Ўзбекистонда экологияни яхшилайман деса, ҳар йили ҳар бир хонадан иккитадан дарахт эксин. Ҳар бир ташкилот бештадан дарахт эксин, қайси ташкилот бўлишидан қатъи назар. Олийгоҳми, мактабми, тиббиётми, катта-катта корхоналарми. Мана шуни Ўзбекистон тажрибаси қилсак, баҳор бошланганча. Халқимиз қўллаб-қувватлайди, албатта. Мана шуни қилсак, дуога қоламиз», — деди давлат раҳбари.

«Ҳамманинг ҳам қўлидан иқтисод келмайди, ҳамманиям қўлидан инвестиция олиб келиш келмайди. Лекин экологик вазиятга, ўзимизнинг туманимиз, ўзимизнинг маҳалламизга эътибор берсак бўлади-ку. Олдин кўчатимиз ҳам йўқ эди, ҳозир кўчатимиз ҳам бор», — дея давом эттирди у.

Президент, шунингдек, дарахтларни парваришлаш, суғориш ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш тизимларини ишлаб чиқиш ҳокимларнинг вазифаси эканини таъкидлади.

Йиғилишда 1 мартдан «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири бошланиши эълон қилинди. Ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб, уларни етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига 10 млн дона мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш, Автомобиль йўллари қўмитасига халқаро ва республика аҳамиятидаги йўллар четида жами 1,5 млн туп дарахтдан иборат ихота дарахтзорлар барпо этиш бўйича топшириқ берилди.

Мутасадди идораларга барча туман ва шаҳарларни қамраб оладиган «мобил эко патруллар» фаолиятини йўлга қўйиш топширилди.