Тошкент шаҳрида эркак киши кекса ёшдаги аёлга зўрлик ишлатиб, унга тегишли бир миллион сўмни ўзлаштирган ҳолда воқеа жойидан яширинган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Ҳодиса 4 февраль куни кундузи Мирзо Улуғбек туманида рўй берган. Номаълум шахс 81 ёшли П.Г.нинг хонадонига келиб, ундан ичимлик суви олиб чиқиб беришини сўраган ва пайтдан фойдаланиб хонадонга бостириб кирган.

Эркак аёлнинг бўйнидан синтетик мато билан бўғиб, хонадондаги 1 млн сўмни талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.

«Газета.uz» манбаси маълум қилишича, жабрланувчи Г. П.нинг танасида кўзга кўринадиган жароҳатлар аниқланмаган. Бироқ аёл танасида жароҳатлар бор-йўқлигини аниқлаш мақсади-да, суд тиббий экспертизаси тайинланган.

Жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлар давомида, ушбу жиноят Тошкент вилоятида яшовчи, ҳеч қаерда ишламайдиган, муқаддам судланган 50 ёшли Х.В. томонидан содир этилгани аниқланган.

Гумондор Янгийўл шаҳрида (ЖПК 221 моддаси тартибида) ушланган ва терговга келтирилган, дастлабки терговда бир қатор далиллар билан Х.В.нинг айби ўз исботини топган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.