Президент 8 февраль куни «Давлат муассасаларини ислоҳ қилишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-123-сон] қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, бир товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётган, рақобат ривожланган соҳаларда фаолият юритаётган давлат муассасалари тугатилади ёки хўжалик жамиятларига ўзгартирилган ҳолда хусусий секторга сотилади.

Давлат муассасалари мажбурий тартибда Ягона ғазна ҳисобварағида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.

2022 йил 1 апрелдан бошлаб:

  • Очиқ маълумотлар порталида фойдаланувчилар учун қулай форматларда кўриш имкониятини яратган ҳолда муассасаларнинг юқори турувчи ташкилоти, кўчмас мулк объектлари, қурилиши тугалланмаган объектлар ва автотранспорт воситалари, режалаштирилган ва амалга оширилган харажатлар таркиби ҳақидаги ва бошқа маълумотларни (бундан тижорат сири мавжуд ёки чекланган ҳолда тарқатиладиган маълумотлар мустасно) эълон қилиш амалиёти жорий этилади;
  • давлат муассасаларини ташкил этиш тўғрисидаги қарорда ҳамда муассаса устави (низоми)да унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли «давлат муассасаси» эканлиги курсатилади;
  • хўжалик жамиятлари устав фонди (устав капитали)даги давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат унитар корхоналари, давлат муассасалари, Марказий банк ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли акциялар ва улушлар давлат улушлари ҳисобланади;
  • давлат иштирокидаги хўжалик жамиятларига тегишли бўлган хўжалик жамиятларининг устав капиталидаги улушлар ва акциялар давлат улуши ҳисобланмайди.

Маҳсулотларни реализация қилишдан олган тушуми БҲМнинг 100 минг баравари миқдоридан ортиқ бўлган давлат муассасаларини 2022 йил 1 мартдан 2023 йил 1 августга қадар эксперимент тариқасида аудиторлик текшируви ўтказилади. Қолаверса, президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари давлат муассасаларига хўжалик жамиятларини таъсис қилишни ҳамда уларнинг устав капиталида иштирок этиш тақиқланади.

2022 йил 1 сентябрга қадар:

  • барча давлат муассасалари хатловдан ўтказилиб, уларнинг даромад келтирадиган фаолиятини кўриб чиққан ҳолда ташкили-ҳуқуқий шакллари қонунчилик ҳужжатларига мослиги ўрганиб чиқилади;
  • битта товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётган, рақобат ривожланган соҳаларда фаолият юритаётган давлат муассасаларини ва уларга тегишли носоҳавий активларни хусусийлаштириш ёки уларни белгиланган тартибда тугатиш бўйича чоралар кўрилади.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2023 йилдан бошлаб ҳар йили 1 майга қадар давлат муассасалари фаолияти таҳлил қилади. Шунингдек, бир товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётган, рақобат ривожланган соҳаларда фаолият юритаётган давлат муассасаларини хусусийлаштириш ёки тугатиш бўйича таклифларни Давлат тендер комиссиясига киритиб боради.

2022 йил 1 апрелгача вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз таркибидаги давлат муассасаларининг қонунчиликда белгиланган тартибда, давлат божи ундирилмасдан ДХМлар орқали рўйхатдан ўтказади.