Жума кунги видеоселектор йиғилиши вақтида президент Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида тўпланиб қолган бир қатор муаммо ва камчиликларни айтиб, мутасаддилар фаолиятини танқид остига олди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Жумлдана, 2021 йилда авариялар сабаб 2,5 мингга яқин одам вафот этгани, шундан 263 нафари ёш бола эканлиги қайд этилди.
Шу ва бошқа муаммолардан келиб чиқиб, соҳани илмий ёндашув асосида такомиллаштириш мақсадида Транспорт университети билан ҳамкорликда 3 ой муддатда Илмий-амалий марказ ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Вилоятлардаги транспорт коллежларида худди шундай ҳудудий марказлар очилади, уларга ЙХҲБ бошлиқлари раҳбарлик қилади.
«Умуман олганда, масалани муҳимлигини инобатга олиб, бош вазир раҳбарлигида Республика комиссияси ташкил этилади ва ички ишлар вазири унга ўринбосар бўлади», — деди президент.
Ҳудудий комиссияларга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда ички ишлар бошқармалари ва бўлимлари бошлиқлари раҳбарлик қилади.
Комиссиялар йўллар ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, содир этилган қоидабузарликлардан келиб чиқиб, ҳар ойда ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идора раҳбарларининг ҳисоботини танқидий эшитиб, маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилиб боради.
Аввалроқ, мазкур видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати қоидалари халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилишини маълум қилди. Қоидабузар ҳайдовчиларга балл ҳисоблаб борилади, бир йилда қоидабузарликлари 12 баллдан ошган ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. «Ҳар йили 500 минг киши ҳайдовчилик гувоҳномасини олса, улардан 25 фоизи машғулотларга қатнашмайди» деди президент ҳамда ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш бўйича янги тизим жорий этилишини таъкидлади.
Шунингдек, президент Тошкент шаҳридаги мактаб ва боғчалар олдида автомобиль ҳаракатининг максимал тезлиги 30 км/соатдан ошмаслигини хабар қилганди. Қолаверса, айрим гавжум кўчаларда эса ҳозирги 70 км соатдан 60 кмгача тушириш зарурати борлиги таъкидланди.
Қолаверса, Тошкентда йўл ҳаракатини рақамли бошқариш тизими тўлиқ пойтахт ҳокимияти тасарруфига ўтказилиши айтилди.