11 февраль куни Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Қозоғистон бош вазири Алихан Смаиловни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув аввалида бош вазир Алихан Смаилов Ўзбекистон етакчисига Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди, дейилади хабарда.

Ўтган йил декабрь ойидаги саммитда Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари эришган келишувларнинг амалга оширилишини таъминлаш борасида икки мамлакат ҳукуматлари томонидан қабул қилинаётган чоралар кўриб чиқилди.

Товар айирбошлаш ҳажмини орттириш ва унинг кўрсаткичлари мувозанатли бўлишига эришиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, янги саноат кооперацияси ва логистика марказлари ташкил этишни жадаллаштириш, сув, энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлараро мулоқотлар ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.