Миробод тумани маъмурий ишлар бўйича суди Миробод туманида мушук ва итларни сочма ёрдамида отиб келган эркакка 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосини тайинлади. Бу ҳақда Тошкент ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

ИИББ хабарида айтилишича, интернет тармоғида номаълум шахснинг қўлида милтиқ билан уйидан чиқиб номаълум томонга йўл олгани акс этган видео тарқалмоқда. Ҳолат 4 февралда тасвирга олинган, кейинчалик, 12 февраль куни «Меҳр ва Оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти вакиллари фуқаро М.Н.нинг аризасини Миробод тумани ИИО ФМБга етказганлар.

Аризада аёл ўз қўшниси — пневматик милтиғидан мушук ва итларни мўлжалга оладиган Миробод туманида яшовчи 29 ёшли Иномжон А.га нисбатан чора кўришни сўраган.

Шундан сўнг ИИББ ходимлари томонидан Иномжон А.га нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси 1-қисми («Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш») ва 185 моддаси 3-қисми («Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаролик ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг ноқонуний муомаласи») бўйича баённома расмийлаштирилган. Ҳужжатлар судга тақдим этилган.

Миробод тумани маъмурий ишлар бўйича суди Иномжон A.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг юқорида қайд этилган моддалари бўйича айбдор деб топган ва унга нисбатан 15 суткалик маъмурий қамоқ белгилаган.