Ўзбекистон терма жамоасининг биринчи мураббийи, профессор Рустам Акрамов 73 ёшида вафот этди, деб хабар берди ЎФА.
У 1948 йилда Тошкент вилоятининг Янгибозор туманида туғилган. Мураббий сифатида 1990−1992 йилларда Жазоирнинг УСМ клуби ва миллий терма жамоасида фаолият олиб борган.
Рустам Акрамов Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, футбол бўйича миллий терма жамоани бошқарган биринчи мураббий ҳисобланади. 1992−1994 йиллар терма жамоа у билан Марказий Осиё чемпионати ва 1994 йил Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ғалаба қозонган.
Рустам Акрамов ундан кейинги 2 йил давомида Ҳиндистон терма жамоасини бошқарган. Кейинчалик ОФК, ФИФА ташкилотларида инструктор бўлиб фаолият олиб борган.
Шунингдек, у футболга оид 30 дан ортиқ асар, 100 га яқин илмий мақола ва 6 та китоб ҳам ёзган.
Ўзбек футболи ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун «Шуҳрат» медали ҳамда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» фахрий унвони билан тақдирланган.