«3,5 йил ичида бир сўмга ҳам хиёнат қилмадим». Тошкент ҳокими ҳомийлик, Akfa ва Artel ҳақида

Тошкент ҳокими олдин ишлаган компаниялари Artel ва Akfa томонидан шаҳарга кўрсатилаётган ҳомийлик ёрдами ҳақидаги саволлардан чарчаганлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, компаниялар баъзи активларини сотиб, маблағларни шаҳардаги лойиҳаларга ҳомийлик қилишга йўналтирмоқда. Жаҳонгир Ортиқхўжаев қилган савоб ишлари ҳақида ҳеч кимга айтмаганлигини, бу ҳақида афсусланишини билдирди. «3,5 йил ишлаган бўлсам, давлатнинг бир сўм пулига ҳам хиёнат қилганим йўқ», — деди у.

Космонавтлар майдонини ободонлаштириш лойиҳаси маъқулланди

Маданий мерос агентлигидаги Илмий-эксперт кенгаши Тошкентдаги Космонавтлар майдонини таъмирлашга рухсат берди. Лойиҳа «объектнинг тарихий ва бадиий қийматига таъсир кўрсатмаган ҳолда» амалга оширилиши керак.

«Чиройли қилишимга вақт беринг». Жаҳонгир Ортиқхўжаев — Космонавтлар майдони реконструкцияси ҳақида

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Космонавтлар майдонини «чиройли қилиш учун» унга 10 кун вақт беришларини сўради. «Ўн кун сабр қилинг. Агар нотўғри бўлса, мени ҳар қанча айблашларингга розиман», — деган шаҳар ҳокими. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ишлар олиб борилиши жараёнида қонунчилик бузилганини тасдиқлади.

Президент Маданий мерос агентлиги ваколатларини кенгайтирувчи қонунни имзолади

Эндиликда Маданий мерос агентлиги кўрсатмаларига риоя қилмаган шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилиши мумкин. Бунинг учун жарима фуқароларга БҲМнинг — 5 бараваригача, мансабдор шахсларга — 7 бараваргача этиб белгиланди. Шунингдек, моддий маданий мерос объектларини йўқ қилиш ва уларга зарар етказиш учун жиноий жазо кучайтирилди.

Абдулла Қодирий боғидаги дарахтлар ноқонуний кўчирилган — Экология бошқармаси

Тошкент шаҳар Экология бошқармаси Абдулла Қодирий боғидаги 64 туп дарахт ноқонуний кўчирилганини маълум қилди. Тарахтларни кўчириб ўтқазган тадбиркорга нисбатан 1,35 млн сўм миқдорида жарима тайинланди. Ўсимлик дунёсига 7,6 млн сўмлик зарар етказилган.

Чегара режимини бузган хорижликлар жарима тўласа, Ўзбекистондан чиқариб юборилмаслиги мумкин

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишга кўра, эндиликда давлат чегараси режимини бузиб ўтганда қўлланилган жаримани тўлаган хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистондан маъмурий тарзда чиқариб юборилмаслиги мумкин. Шунингдек, чегара зонасини бузишга оид ишлар ДХХ Чегара қўшинлари томонидан кўриб чиқилади.

Навоий кўчасига трамвай қайтарилмайди — Тошкент ҳокимининг биринчи ўринбосари

«Навоий кўчасига трамвай қайтарилмайди», — дея маълум қилди Тошкент ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов. «Газета.uz» эълон қилган мақоладан кейин ҳокимлик кўчани реконструкция қилиш лойиҳасига ўзгартишлар киритди — у ерга автобуслар учун йўлак қўшилди ва чорраҳалардан бири ўзгартирилди.

Тошкентдаги «Марварид» уйи олдида жойлашган боғ қандай кўринишда бўлади?

Тошкент марказидаги «Марварид» уйи олдида жойлашган Космонавтлар боғини реконструкция қилиш режалаштирилмоқда. Бу ерда ўйин майдончалари, пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилиши кутилмоқда. Пудратчи сифатида Mimar Group компанияси танланди.

Мирзиёев чорвачилик тармоғида ортда қолаётган ҳудудларни санаб ўтди

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, пандемия ва иқлим ўзгариши шароитида дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўтарилиб бораётган бир вақтда, айрим туман ҳокимларида аҳолининг озиқ-овқатга бўлган талабини қондириш учун қандай тизимли ишларни амалга ошириш кераклиги ҳақида аниқ тасаввур йўқ. Шу сабабли, вилоят ҳокимларига бир ойда ўзгариш қилмаган туман ҳокимларини ишдан олиш бўйича таклиф киритиш топшириғи берилди.

Диний масалада муносабат билдирганда холис бўлишни сўраймиз — Дин ишлари қўмитаси

Дин ишлари бўйича қўмита айрим диний соҳа вакиллари Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги давлат сиёсатини нотўғри тушуниши ва баҳолашини, янгиликларни ўз манфаатларига мослаб талқин қилишини таъкидлади. Олдинроқ Тошкент шаҳар имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов адлия вазири Русланбек Давлетовнинг «дўзахга кириш-кирмаслик танловини одамларнинг ўзига қўйиб беринглар» деган сўзларига қарши чиққан эди.

Пекин-2022: Комилжон Тўхтаевнинг натижаси инобатга олинмади

Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинларида тоғ чанғиси спортининг слалом йўналишида Комилжон Тўхтаев 42-натижани қайд этди. Бироқ, дастурдаги техник хато туфайли унинг натижаси ҳакамлар томонидан ҳисобга олинмади. Шу билан унинг Олимпиададаги иштироки якунланди.

Ўзбекистонда Давлат молиявий назорат инспекцияси ташкил этилмоқда

Ўзбекистонда Молия вазирлиги ҳузурида Давлат молиявий назорати инспекцияси ташкил этилади. Инспекция Давлат бюджети маблағларини сарфлаш самарадорлигини ошириш, бюджет қонунчилиги бузилишининг профилактикасини кучайтириш ва масофавий молиявий назоратни кенгайтириш, шунингдек, давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш йўналишида ишлайди.

3 та вилоятда суд раислари масъулиятсизлиги учун ишдан олинди

Андижон, Самарқанд ва Бухоро вилоятининг суд раислари масъулиятсизлиги ва судьялик қасамини бузгани учун муддатидан олдин ишдан олинди. Хоразм ва Навоий вилоятининг суд раислари эса интизомий жавобгарликка тортилди.

Наманган вилоятига янги прокурор тайинланди

Бухоро вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари Бектош Сайипов Наманган вилояти прокурори этиб тайинланди.

ИШИД аъзоси эканлиги гумон қилинаётган фуқаро Ўзбекистонга олиб келинди

ДХХ ИШИД сафида жанговор ҳаракатларда иштирок этганликда гумонланаётган фуқарони Ўзбекистонга олиб келди. Унинг ҳали ҳам «жиҳод» қилиш борасидаги қарашларидан воз кечмагани айтилмоқда.

Бухоро нефть базасида 22 млрд сўмдан ошиқ хато-камчиликлар аниқланди

«Ўзбекнефтгаз» томонидан амалга оширилган текширувларда «Бухоро нефть базаси»да 22 млрд 58 млн сўмлик хато-камчиликлар аниқланди. Ҳолатларнинг асосий қисми базанинг собиқ бош ҳисобчиси иштирокида амалга оширилгани айтилмоқда. Шунингдек, нефть базасида 5,5 млрд сўмлик манфаатлар тўқнашуви, қариндош-уруғчилик ва 3,4 млрд сўмлик талон-тарож қилиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Қашқадарёда ИИБ ходимлари олиб кетган фуқаро вафот этди

Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида маст ҳолда жанжал кўтаргани учун ИИБга олиб кетилган 37 ёшли эркак орадан 4−5 соат ўтиб ўлик ҳолда уйига қайтарилгани айтилмоқда. Туман ҳокимлиги унинг РШТТЁИМ Қарши филиалида оламдан ўтганини маълум қилди. Вилоят прокуратураси суриштирув олиб бормоқда.

Ўртачирчиқда бўш банкоматни ўғрилаб, дарёга ташлаб юборган шахслар қўлга олинди

Ўртачирчиқда «Капиталбанк» банкоматини ўғрилаб кетган шахслар ушланди. Терговда маълум бўлишича, гумондорлар банкоматни бузиб очишганда, ичида пул йўқлигини кўриб, уни Чирчиқ дарёсига ташлаб юборган. Ушбу ускунанинг баҳоси 145 млн сўм экани айтилди.

Тошкент, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйилди — ДХХ

ДХХ Тошкент, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатларига чек қўйилганини маълум қилди. Жумладан, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида 32 гектар ер майдонини 35 минг доллар эвазига харидор номига расмийлаштириб бермоқчи бўлган шахс қўлга олинди.

Аҳолига 350 минг бош қўй ва эчки тарқатилади

Шавкат Мирзиёев чорвачилик тармоғини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ўн кун муддатда кооперация асосида аҳолига 350 минг бош қўй ва эчкини тарқатиш ишларини бошлашга топшириқ берди. Бу мақсадларга 100 миллион доллар йўналтирилади. Ундан ташқари, соҳа мутасаддиларига вилоят ва туман ҳокимлари билан бирга бир ҳафта муддатда 67 та йирик қўй ва эчкичилик хўжаликларини ташкил этиш ишларини бошлаш вазифаси қўйилди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Трамвай замонавий ва жамият олдида масъулиятли»

Трамвайнинг афзалликлари борасида ҳеч қайси мутахассис шубҳа қилмайди. «Дунёда бу масала „ёпилган“», дейди журналист Валентин Богданов. Трамвайнинг йўқ қилиниши сунъий равишда унга нисбат берилган муаммоларнинг ҳеч бирини ҳал қилмади. Жамоат транспорти ўзининг башоратлилиги ва ҳаммабоплигини йўқотди, кўчалар эса янада хавфлироқ бўлди. Трамвай қайтадиган бўлса, «ғилдиракни қайта кашф қилишнинг ҳожати йўқ» — барча линиялар яхши режалаштирилган эди, деб таъкидлайди у.

Фото, видео: 1999 йил 16 февралда Тошкентдаги портлашлар

1999 йил 16 февралда Тошкентда, шу жумладан Мустақиллик майдонидаги ҳукумат биноси яқинида бир қатор кучли портлашлар содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, 13 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳат олган. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов терактнинг диний экстремистлар томонидан уюштирилгани, уларнинг мақсадларидан бири унинг ҳаётига суиқасд уюштиришдан иборат бўлганини таъкидлаган эди. «Газета.uz» ўша куни муҳрланган тасвирларни эълон қилмоқда.