Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов ва АҚШ Геология хизмати (USGS) катта илмий ходими Ингрид Верстратен ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Музокарада олдинги келишувлар доирасида америкалик экспертларнинг 2022 йилнинг апрель-июнь ойларида режалаштирилган ташрифлари ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, USGS ва Ўзбекистон Давлат геология қўмитасининг умумий қиймати 2,3 млн доллари миқдоридаги қўшма лойиҳаси доирасида республика минерал-хом ашё ресурсларини ўрганиш, шунингдек, қурғоқчиликни таҳлил қилиш ва прогнозлаш ҳамда сув тошқини, сув тошқинларини моделлаштириш ишлари амалга оширилади.

Шунингдек, USGS экспертларининг ташрифи доирасида замонавий маълумотларни йиғиш дастурий таъминотидан фойдаланган ҳолда электрон маълумотларни йиғиш усуллари бўйича тренинглар ҳам ташкил этилади. Конларнинг сифат ва миқдорий хусусиятларини баҳолаш бўйича ўқув семинарларида маҳаллий мутахассислар истиқболли ҳудудларда фойдали қазилмалар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш учун USGS усуллари билан танишади.

«Нефт ва газни қидиришга ихтисослашган иккинчи USGS гуруҳи Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарёда сланец нефти ва сланец газининг потенциал конларини аниқлаш мақсадида 2022 йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда», — дейилади хабарда.

Ўз навбатида, 2022 йил июнь ойида USGS гидрологлар гуруҳи маҳаллий ҳамкасблари билан гидрометрик тармоқлар, статистика, сув ресурсларини ривожлантириш инфратузилмаси, тошқин ва кўчкилар тарихи, қор қопламини биргаликда ўрганиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирилгани айтилди.