Жорий йилги Умра мавсумида Мадина аэропортида икки нафар ўзбекистонлик зиёратчи Саудия Арабистони Чегара хавфсизлик хизмати томонидан тўхтатиб қолинди. Уларда мамлакатга киришга тақиқ борлиги аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, улар 2019 йилда Қирғизистоннинг қалбаки паспорти билан Умра сафарига бориб келган. Саудия Арабистонидан чиқиш вақтида Саудия қонунларини бузгани учун мамлакат Чегара хавфсизлик хизмати томонидан уларга нисбатан мамлакатга кириш учун 10 йил муддатга тақиқ белгиланган. Шу боис ушбу фуқаролар подшоҳликка киритилмаган. Ҳозирда уларни Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Мусулмонлар идораси фуқаролардан «Умра сафарини турли қинғир йўллар орқали, ноқонуний амалга оширмаслик ҳамда ҳар-хил кўнгилсизликларга дучор бўлмасликка» чақирди ва «турли алдовларга учмасдан, ҳукумат кўмагида ташкил этилаётган расмий, хавфсиз ва ишончли умра зиёратини адо этишни» тавсия этди.
Маълумот учун, Умра ибодати икки йиллик танаффусдан сўнг қайта тикланди. Ҳозирги кунда ҳар куни икки марта авиапарвозлар Саудия Арабистонига мунтазам равишда амалга оширилмоқда.