«Ватанимизнинг қудратини кўтаришга ҳаракат қилишимиз керак» — Шавкат Мирзиёев

Қорақалпоғистонда ташриф билан бўлиб турган Шавкат Мирзиёев дунё кун сайин эмас, соат сайин таҳликали бўлиб бораётганини таъкидлади. «Биз иқтисодиётимиз, мудофаамизни мустаҳкам қилиб, ишонч билан жонажон ватанимизнинг қудратини кўтаришга ҳаракат қилишимиз керак», — деди у.

Украинадаги ўзбекистонликларни эвакуация қилиш режаси тузилмоқда

Украинадаги вазият кескинлашганини инобатга олиб, Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ўзбекистонликларни эвакуация қилиш режаси ва мамлакатни тарк этмоқчи бўлганлар рўйхатини тузиб чиқмоқда.

Россиянинг Украинага қўшни вилоятларидаги ўзбекистонликларнинг хавотирланишига ҳеч қандай асос йўқ — ТИВ

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқаролари, шу жумладан, Россиянинг Украинага яқин ҳудудларида жойлашган ОТМлар талабалари учун хавотирланишга сабаб ва асослар йўқлигини маълум қилди. ТИВ агар фуқароларга таҳдид бўлса, ўз вақтида чоралар кўрилиши ва улар Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва Ростов-Дондаги бош консулхонасига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини билдирди.

Uzbekistan Airways Киевга амалга оширилиши режалаштирилган иккита рейсни бекор қилди

Uzbekistan Airways 27 февраль ва 2 март кунлари амалга оширилиши режалаштирилган иккита мантазам HY-3731/3732 Тошкент — Киев — Тошкент рейсларини бекор қилди.

Президент 100 МВт қувватли шамол электр станцияси қурилишига тамал тоши қўйди

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида 100 МВт қувватли янги шамол электр станцияси қурилишига тамал тошини қўйди. «Тасаввур қилинглар фарзандларимиз, неваларимиз бундай лойиҳадан қандай манфаат кўради. Бу бир йиллик эмас, йилларга татийдиган лойиҳа», — деди Шавкат Мирзиёев.

Талабалар 2-курсдан ишлаши мумкин бўлади — Олий таълим вазири

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов қорақалпоғистонлик талабалар билан учрашувда ОТМларда 2 курсдан бошлаб ишлашга рухсат берувчи янги тизим яратилишини маълум қилди. «Ишлаганда ҳам ўзининг соҳасида ишласин. Мен буни ҳурмат қиламан», — деди у. Қолаверса, ОТМларда таълим жараёни 70 фоиз амалиётга ўтиш кераклиги таъкидланди.

Олимларимиз коронавирусга қарши тўртта вакцина устида ишлаяпти — Абдулла Арипов

Бош вазир Абдулла Арипов ўзбекистонлик олимлар коронавирусга қарши тўртта вакцина яратиш устида ишлаётганини маълум қилди. «Дунёдаги ҳеч қайси вакцинадан нусха олинмаган, алоҳида ўзининг структураси белгиланган вакцина турлари ишлаб чиқиляпти», — деди у.

«Совкомбанк» «Ўзагроэкспортбанк»даги 100% давлат улушини 4 млн долларга харид қилди

«Ўзагроэкспортбанк» 100 фоиз давлат улуши Россиянинг «Совкомбанк"и томонидан 4 млн долларга сотиб олинди. Ушбу битим очиқ тендер орқали тузилган. Тендерда 4 иштирокчи банкни харид қилиш истагини билдирган.

«Улар мудраб ўтирибди, ишламаган». Президент Самарқандда ишдан олинган 10 нафар раҳбар ҳақида

Шавкат Мирзиёев Беруний туманидаги йиғилишда ҳудуддаги раҳбарлар умуман ишламаётганини танқид қилди. Сўзи давомида давлат раҳбари фаолиятига масъулиятсизлик билан ёндошгани учун ишдан олинган 10 нафар самарқандлик амалдорни мисол қилиб кўрсатди. «Уларнинг кўзларига қарадим, ҳаммаси мудраб ўтирибди, ишламаган», — деди у.

Ўзбекистонда жисмоний шахслар ва чет эл фуқароларига давлат қимматли қоғозларини харид қилишга рухсат берилади

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда жисмоний шахслар ва норезидентларга давлат қимматли қоғозларини харид қилиш ҳуқуқи берилади. Ҳозирги кунгача ДҚҚни жисмоний шахслар ва норезидентлар орасида жойлаштирилиши қонунан назарда тутилмаган эди.

Чоршанба куни 140 кишида ковид аниқланди

Чоршанба куни Ўзбекистонда 140 нафар фуқаронинг коронавирусга топширган тест таҳлили мусбат натижани қайд этди. Шунингдек, кун давомида 24 кишида пневмония аниқланди.

Жиззахда фуқарони айланма йўллар орқали АҚШга жўнатишга ваъда қилган шахс ушланди

Жиззах вилоятида фуқарони Туркия, Италия ёки Мексика орқали АҚШга олиб ўтиш ва ишга жойлаштиришни ваъда қилган шахс 20 минг доллар олганида ушлангани айтилмоқда. Фарғона вилоятида эса фуқарони Кореяга ишга жўнатишга ваъда қилганликда гумонланган шахс қўлга олинган.

Адлия вазирлиги 2021 йилда қонун бузилгани учун ҳокимликларга 2,6 мингта тақдимнома киритди

Адлия вазирлиги 2021 йилда қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича таълим муассасаларига 8,2 мингта, ҳокимликларга 2,6 мингта, соғлиқни сақлаш муассасаларига 1,5 мингта тақдимнома киритди. Ўрганишлар давомида Андижон вилоятида ишсизлик нафақаси бўйича жами 1,3 млрд сўм қарздорлик мавжудлиги аниқланган.

Муддатли ҳарбий хизматга чақирув эълон қилинди

Президент қарори билан ҳарбий хизматга яроқли Ўзбекистон фуқаролари март-апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

«Украинада жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ» — ТИВ

Украинада айни пайтда 4300 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлиб турибди, улар рўйхати янада аниқлаштирилмоқда, дея хабар қилди ТИВ. Вазирлик маълумотларига кўра, жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ.