Президент Шавкат Мирзиёев 22 февраль куни муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақирув тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Қарорга кўра, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган чақирув ёшидаги Ўзбекистон фуқаролари 2022 йилнинг март-апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

Ҳарбий хизматга яроқли, шу жумладан, чекловлар билан яроқли бўлган ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ ушбу чақирув даврида Қуролли Кучлар сафига чақирилмайдиган фуқаролар сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинади.

Муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар март-апрел ойларида Ўзбекистон Қуролли Кучлари резервига бўшатилади.

Мудофаа вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, президентнинг бу қарори Украинада бўлаётган вазиятлар билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Яъни, бу ҳар йили амалга ошириладиган муддатли ҳарбий хизматга чақирув ва белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли кучлар резервига бўшатиш ҳисобланади.