Киев Москва билан дипломатик алоқаларни узди, деб баёнот берди 24 февраль куни Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг навбатдаги мурожаатида.
Украина раҳбари халққа мурожаати давомида Россияни фашист Германиясига тенглаштирган.
«Россия худди фашист Германияси сингари пасткашлик қилиб, тонг саҳарда ҳужум қилди», — деди Зеленский.
Украина раҳбари ўз нутқида россияликларга мурожаат қилиб, уларни Украина билан урушга қарши митингларга чиқишга чорлаган.
«Виждонини йўқотмаган барча учун улар бу урушга қарши эканликларини айтиб чиқиш учун вақт бор. Украинага очилган урушга қарши эканликларини», — деган Зеленский.
Зеленский Украина ҚК оғир жангларни ўтказаётганини, душман йўқотишларни бошдан кечираётганини айтиб, «бу йўқотишлар янаям каттароқ бўлади, чунки улар бизнинг заминимизга бостириб кирди», деган.
Россия президенти Владимир Путин 24 февраль куни эрталаб миллатга телемурожаатида Донбасс ҳудудида «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилди. Путиннинг мурожаати тугаши биланоқ, Киев, Харьковь, Мариуполь, Одесса ва Украинанинг бошқа шаҳарларида портлашлар бошланди, дея хабар берди УНИАН ахборот агентлиги. Донбассдаги сепаратистлар томонидан ҳам отишмалар бошланди.
Шунингдек, 24 февралга ўтар кечаси БМТ хавфсизлик кенгаши Украина атрофидаги можароларга бағишланган йиғилишни чақирди. БМТ бош котиби ўз чиқишида Россия президенти Владимир Путинни Украинага бостириб киришни тўхтатишни, «тинчликка имкон беришини» сўраган ва тинчлик ўрнатишга чақирган эди.