25 февраль куни Евросиё ҳукуматлараро кенгаши аъзолари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бош вазир Абдулла Арипов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлишга тайёрланаётганини маълум қилди.

«Ҳозирда Ўзбекистоннинг Евроосиё тарақиёт банкига қўшилиши жараёни ва шартларини келишиш ишлари фаол амалга оширилмоқда», — деди у.

Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг тегишли идоралари ва Евроосиё иқтисодий комиссияси департаментлари ўртасида яқин ҳамкорлик бўйича қўшма «йўл харитаси»ни мувофиқлаштириш ишлари якунланмоқда. Мазкур ҳужжат Ўзбекистоннинг тегишли органлари ва комиссиянинг бошқармалари ўртасида савдо, саноат, божхона, молия ва солиқ соҳалари, шунингдек, энергетика, техник жиҳатдан тартибга солиш, дори воситалари ва тиббиёт маҳсулотлари соҳаларида ҳамкорликни ўз ичига олади.

«Биз Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишини маъқуллашда қўллаб-қувватлашига умид билдирамиз», — деди у.

Банк ҳақида

Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) — халқаро молия ташкилоти бўлиб, унга аъзо давлатларнинг иқтисодий ўсишига кўмаклашиш, уларнинг савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ва инвестиция фаолияти орқали Евроосиё ҳудудида интеграция жараёнларини ривожлантиришга хизмат қилади.

ЕОТБ 2006 йилда Россия ва Қозоғистон томонидан ташкил этилган бўлиб, 2009 йилда Арманистон ва Тожикистон, 2010 йилда Беларусь, 2011 йилда Қирғизистон ушбу банкка аъзо бўлган. Банкнинг устав капитали 7 млрд долларни ташкил этади.

ЕОТБнинг асосий стратегик мақсадлари:

  • кучли интеграция эффектига эга лойиҳаларни ва миллий ривожланиш лойиҳаларини молиялаштириш;
  • янги молиявий маҳсулотлар ва воситаларни жорий этиш;
  • саноат ишлаб чиқариши соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш;
  • банкка аъзо мамлакатларда ДХШ асосидаги ташаббусларни илгари суриш;
  • иштирокчи мамлакатларга қўшимча сармояларни жалб қилиш учун ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобланади.

Банкнинг штаб-квартираси Олмаота шаҳрида жойлашган, Санкт-Петербургда филиали, Нур-Султон, Бишкек, Душанбе, Ереван, Минск ва Москвада ваколатхоналари мавжуд.