Шавкат Мирзиёев 170 мингдан ортиқ оталар фарзандлари учун алимент тўламаётганини танқид қилиб, бундан буён алиментни давлат тўлаб бериши, кейинчалик МИБ уни ундириб олишини таъкидлади.

Президент бу ҳақда сешанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.

«Бугунги кунда 290 мингдан зиёр оталарга фарзандлари учуун алимент тўлаш юкланган. Лекин 172 минг нафари ўз фарзанди олдидаги мажбуриятини бажаришдан бош тортиб келмоқда. Оқибатда бугунги кунда алимент бўйича қарздорлик 115 млрд сўмдан ошиб кетган», — деди у.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Унинг сўзларига кўра, алимент тўловларини кафолатли таъминлаш бўйича янги тизим жорий қилинади.

2022 йил 1 июлдан бошлаб МИБда «Алимент тўловлари» жамғармаси ташкил этилади, унга дастлаб 50 млрд сўм йўналтирилади. Мазкур маблағлар 3 ой ичида ундириш имкони бўлмаган алиментларни тўлашга ажратилади ва кейинчалик бюро томонидан ундириб олинади.

«Нимага десангиз у отани иши ҳам йўқ, тўлашга шароити ҳам йўқ. Буни [тўлаш кераклигини] фақат гапириб қолаверамиз. Бу янги тизим бўлади. Иложи йўқларга пулини тўлаб берамиз, кейин МИБ ўзи бу пулларни йиғиб олади», — деди Шавкат Мирзиёев.