8−9 март кунлари Украинадан Польшанинг Катовице аэропорти орқали 250 нафар Ўзбекистон фуқароси, шу жумладан 62 нафар аёл, 28 нафар вояга етгаман шахс ва 11 нафар чақалоқ олиб келинди, дея хабар бермоқда Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси томонидан Суми шаҳридан 23 нафар ўзбекистонлик талаба халқаро гуманитар ташкилотлар шафелигида эвакуация қилинган.

28 февралдан 9 мартга қадар 22 та авиарейс ташкиллаштирилиб, уруш бўлаётган жойлардан 5 037 нафар Ўзбекистон фуқаролари қайтарилган. 9 март куни яна битта рейс амалга оширилиши режалаштирилган.

Юсуп Кабулжанов берган маълумотга кўра, Украинадан «Карчова» назорат-ўтиш пунктига келаётган Ўзбекистон фуқароларининг сони камайиши кузатилмоқда.

Украинанинг турли жойларидан фуқароларни эвакуация қилиш бўйича ишлар давом этаётгани таъкидланган. Бунда асосий эътибор уруш ҳаракатлари кузатилаётган чекка ҳудудларда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқишга қаратилмоқда.

Шунингдек, ўзбекистонлик дипломатлар Молдовада бўлиб, ушбу мамлакатдан ўзбекистонликларни эвакуация қилиш масаласини ҳам ишлаб чиқмоқда, дейилади хабарда.