Саудия Арабистони Подшоҳлиги Авиация бошқармаси «GACA» йўловчилар учун «COVID-19» билан боғлиқ баъзи чекловларга ўзгартириш киритди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хабар берди.
Эндиликда, Коронавирус мавжуд эмаслиги ҳақидаги манфий натижага эга бўлган QR-кодли ПЗР тест маълумотини САПга киришда тақдим этиш тартиби бекор қилинмоқда.
«Умра-2022 мавсумида Саудия Арабистони Подшоҳлигига сафар қилаётган зиёратчилар учун сафардан олдин олинадиган ПЗР тест маълумотини тақдим этиш тартиби бекор қилинганини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, Умра дастурида сафар қилувчи зиёратчилар коронавирусга қарши қуйидаги вакциналардан бири билан эмланган бўлиши керак:
- Pfizer/BioNTech;
- Oxford-AstraZeneca;
- Moderna;
- Johnson & Johnson.
Аввалроқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси умра сафарига 1 февралдан бошлаб Саудия Арабистонига ҳар куни биттадан авиарейс амалга оширилишини маълум қилганди. 10 февралдан эса ҳар куни 2 тадан, Рамазон ойи давомида эса ҳар куни 3 тадан авиа қатнов йўлга қўйилди.