14 март куни Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, давлат корхоналарини трансформация қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Унда бозор иқтисодиётини ривожлантириш, рақобат муҳитини яхшилаш мақсадида давлат корхоналари трансформация қилишни жадаллаштириш ва давлат активларини хусусийлаштириш масалаларига эътибор қаратилган.

Жумладан, 25 та давлат корхонасида операцион самарадорликни оширишда сусткашликка йўл қўйилгани кўрсатиб ўтилди. Ҳозирги замон талабига жавоб бермайдиган, зарар билан ишлаётган корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш амалиётидан бутунлай воз кечиш кераклиги айтилди.

Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева ва транспорт вазири Илҳом Маҳкамов. Фото: Президент матбуот хизмати.

Шунингдек, транспорт соҳасидаги ишлар ҳолати ҳам кўриб чиқилди. Транзит йўловчилар оқимини ошириш, чартер парвозларга рухсат бериш тизимини соддалаштириш, маҳаллий аэропортларни минтақавий транзит хабига айлантириш чоралари белгиланди.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси эркин рақобат шароитида ишлаш учун замонавий ёндашувларни жорий қилиши, авиачипталар нархининг ошишига йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланди, дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Қолаверса, йиғилишда иқтисодиётда жорий йилнинг биринчи чораги якунида кутилаётган натижалар таҳлил қилинди.

Таъкидланишича, «ҳокимлар ва тармоқ раҳбарларига иқтисодий асосланмаган лойиҳаларнинг илгари сурилишига йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди». Мутасадди идораларга ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижроси устидан назоратни кучайтириш, инвестиция лойиҳаларининг бозор иқтисодиёти талабига жавоб беришини ўрганиш вазифаси қўйилди.

Экспорт масалалари муҳокама қилинар экан, ташқи бозордаги бугунги вазиятдан келиб чиқиб, транспорт ва логистика масалаларини ҳал этиш, экспорт географиясини кенгайтириш, маҳсулотларни янги бозорларга чиқариш бўйича топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, вилоят ҳокимлари озиқ-овқат хавфсизлигини ва бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича вазифалар ижроси тўғрисида ахборот берди.