Тошкент шаҳрида фуқаролар 30 млн сўмлик қимматбаҳо тошни ўз нархидан қимматроқ маблағга сотишга уринганликда гумонланмоқда. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХ ўтказган тезкор тадбирда аниқланди.

Таъкидланишича, фуқаролар Ҳ.Х., М.С. ва бошқалар 1 дона (ҳақиқий баҳоси 30 млн сўм бўлган) табиий тошни 220 000 АҚШ долларига қонунга ҳилоф равишда ўтказган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Улардан жами 4 та табиий тош ҳамда симоб моддаси ашёвий далил сифатида олинган.


Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати.

«Экспертиза хулосасига кўра, тошларнинг соф оғирлиги 333,8 граммни ташкил этиб, таркиби рубин, кварц, флюорит, гранат, пироп ва сапфир бирикмалардан иборат табиий қимматбаҳо тош эканлиги қайд этилган», — дейилади хабарда.

Хабарда таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.